Санъат фидойилари шарафланди
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлган бир гуруҳ ижодкорларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан вазирлик биносига соҳа вакиллари, ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнларида маданият ва санъат, адабиёт ривожига катта эътибор қаратилаётганини эътироф этди. Куни кеча эълон қилинган қўшалоқ фармонлар соҳа вакилларининг меҳнатини эъзозлаш борасидаги эзгу ишларнинг ёрқин намунаси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, соҳанинг 167 нафар вакили юксак фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Мукофотланганлар орасида театр ва кино санъати намояндалари, бой маданий меросимизни ривожлантириш ва уни ёшларга етказиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган устозлар, заҳматкаш зиёлилар, умидли ёшлар борлиги эътиборга молик. Тадбирда мамлакатимизнинг бир гуруҳ ижодкорларига мукофотлар топширилди. – Бундай эътибордан ғоят мамнунмиз, – деди Ўзбекистон давлат филармониясининг Давлат академик халқ чолғулари оркестри бадиий раҳбари Шуҳрат Толипов.
[gallery-29698]
– Меҳнатимизнинг бундай юксак эътирофи, эъзоз ва эътибор учун Президентимиз, халқимизга ташаккур билдирамиз. Тантанали тадбирда мамлакатимизнинг бир гуруҳ маданият ва санъат намояндаларига мукофотлар топширилди.
Назокат Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА