Бухоролик ижодкорларга юксак эътироф
Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва хизматларини муносиб қадрлаш эзгу анъанага айланмоқда.
Айниқса, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллий маънавиятни юксалтириш ва бой маданий меросимизни асраб-авайлаш йўлида хизмат қилаётган ижод аҳлига давлатимиз томонидан юксак эътибор қаратилаётгани барчага мамнуният бағишламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, ўзининг кўп йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятимизни бойитиш, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш, асрий анъаналаримиз ва бой меросимизни асраб-авайлаш ҳамда Янги Ўзбекистонни халқаро майдонда муносиб тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ соҳа фидойилари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Қувонарлиси, мукофотланганлар орасида бухоролик 5 нафар ижодкор ҳам бор. Уларга давлат мукофотлари Бухоро вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан вилоят ҳокими Ботир Зарипов томонидан топширилди. Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда маданият ва санъат аҳлини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу эса миллий маданиятимизнинг янада юксалиши, ёш истеъдодларнинг камол топиши ва маънавий муҳитнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Тантанали маросимда иштирок этган Ўзбекистон давлат филармониясининг Бухоро вилояти бўлинмаси директори, “Шуҳрат” медали соҳиби ушбу эътироф юртимизда ижод аҳлига бўлган юксак эҳтиромнинг яна бир амалий намунаси эканини таъкидлади.
— Давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган юксак эътибор биз, ижодкорларга катта куч ва илҳом бағишлайди. Бу мукофотлар нафақат бир инсоннинг меҳнати, балки миллий маданиятимизни ривожлантириш йўлида хизмат қилаётган барча соҳа вакилларига берилган юксак баҳодир. Биз бундан кейин ҳам халқимизга маънавий озуқа бериш, миллий санъатимизни дунёга кенг тарғиб этиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаверамиз, — дейди Рауф Авезов.
[gallery-29691]
Мукофотланганлар Президентимиз томонидан билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун самимий миннатдорлик изҳор этди. Улар Янги Ўзбекистон тараққиёти, миллий маданият ва маънавият равнақи йўлида ўз ижоди ва фидокорона меҳнати билан муносиб ҳисса қўшишда давом этишларини таъкидлади. Бундай юксак эътирофлар, шубҳасиз, ижод аҳлини янги марралар сари руҳлантириб, миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг янада тараққий этишига мустаҳкам замин яратади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА