Самарқандда Имом Мотуридий меросига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган «Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори» мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда 100 дан ортиқ хорижий давлатлардан ташриф буюрган мотуридийшунос олимлар, муфтийлар, дин ишлари бўйича вазирлар, экспертлар ҳамда маҳаллий олим ва мутахассислар иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади Имом Мотуридий илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг мўътадиллик ва бағрикенглик тамойилларини халқаро илмий ҳамжамиятда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Анжуманни кириш сўзи билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов очиб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, мотуридийлик таълимотининг бугунги кундаги аҳамияти ва ушбу меросни ўрганиш ҳамда тарғиб қилишга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди.
Ал-Азҳар аш-Шариф Бош имоми маслаҳатчиси Муҳаммад Абдулраҳмон ал-Дувайний, Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (İSAM) директори Муртазо Бедир, Миср Араб Республикаси Бош муфтийси шайх Назир Муҳаммад Айёд, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Малайзия Дин ишлари бўйича вазири Зулкифли Ҳасан ҳамда Финляндия Ислом жамияти президенти Гултен Бедреттин маъруза қилди.

Нотиқлар мотуридийлик таълимотининг мусулмон уммати тараққиётидаги ўрни, унинг бугунги кунда бағрикенглик ва мўътадиллик муҳитини мустаҳкамлашдаги аҳамияти, шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилаётган мазкур форум ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Анжуманда қайд этилганидек, Имом Мотуридий илгари сурган бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат ғоялари жамиятда диний-маънавий барқарорликни таъминлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди мусаффолигини асрашда мустаҳкам ғоявий асос бўлиб хизмат қилади. Мотуридийлик таълимоти ақл ва нақл уйғунлигига асосланган мўътадил ислом тафаккурининг юксак намунасидир. Унда инсон қадри, адолат, масъулият, диний бағрикенглик ва ижтимоий ҳамжиҳатлик каби умуминсоний қадриятлар устувор ўрин тутади. Шу боис Имом Мотуридий мероси бугунги кунда экстремизм, радикализм ва зўравонлик ғояларига қарши маърифий курашнинг муҳим пойдевори сифатида эътироф этилди.
Конференция якунида Имом Мотуридий таълимотини янада чуқур ўрганиш ва тарғиб қилишга доир қатор таклиф ҳамда тавсиялар илгари сурилди. Халқаро анжуман иштирокчилари томонидан Декларация қабул қилинди.
Форум доирасида хорижлик тадқиқотчилар ўртасида ўтказилган «Мотуридийлик таълимоти – илм, тафаккур ва бағрикенглик қадриятлари орқали цивилизацияларни боғловчи мерос» мавзусидаги халқаро илмий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, Имом Мотуридий инновацион музейи лойиҳаси ва унинг илмий концепцияси тақдимоти ўтказилди.

Тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий мажмуаси ва унга туташ қадимий Чокардиза қабристони ҳудудида янги мақбара, замонавий масжид ҳамда илмий-маърифий объектлар барпо этилмоқда. Шунингдек, археологик тадқиқотлар натижасида буюк фақиҳ, «Ҳидоя» асари муаллифи Бурҳониддин Марғиноний мақбараси аниқланиб, у ҳам мажмуа таркибида қайта тикланмоқда.
Тақдимотда Имом Мотуридий мажмуасининг муҳим қисми бўлган Инновацион музей концепцияси алоҳида таништирилди. Лойиҳа Туркиянинг Outdoor Factory компанияси томонидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тақдим этган илмий манбалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, музей экспозициялари замонавий дизайн, рақамли технологиялар ва интерактив ечимлар асосида шакллантирилмоқда.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими Ихтиёр Абдураҳмонов музейнинг илмий концепцияси ва экспозиция заллари мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, музейда ақида ва калом илмининг шаклланиш тарихи, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг Мовароуннаҳрдан бутун ислом оламига тарқалиши, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда бугунги кунда аллома меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган ишлар замонавий мультимедиа технологиялари орқали намоён этилади.
Шунингдек, тақдимотда музейнинг асосий экспозиция заллари ҳам намойиш қилиниб, ақида ва калом илмининг шаклланиши, Имом Мотуридий яшаган давр илмий муҳити, мотуридийлик таълимотининг жаҳонга тарқалиш тарихи, Чокардиза қабристони ҳамда археологик топилмалар замонавий музей ечимлари асосида ёритилиши маълум қилинди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири