Самарқандда Халқаро шахмат федерациясининг янги раҳбари сайланди
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида ўтказилган ФИДE Бош ассамблеяси йиғилишида Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов Халқаро шахмат федерацияси президенти этиб сайланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва ФИДE Конгресси иштирокчиларини қутлади. Мамлакатимизнинг шахматни ривожлантириш ва дунё бўйлаб кенг оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди.

Сайловда овоз бериш натижаларига кўра, 38 ёшли қозоғистонлик Темур Турлов иккинчи босқичда 110 овоз билан ФИДEнинг энг ёш президенти сифатида сайланди.
Айтиш лозимки, сайловда 196 та миллий шахмат федерацияларини ифодаловчи делегатлар қатнашди. ФИДЕ раҳбарлиги учун 3 нафар номзод кураш олиб борди.
Биринчи босқичда Турлов 96 та, Вадим Розенштейн (Германия) 76 та ва Ян Ҳенрик Бюттнер (Германия) 20 та овоз олди. Иккинчи босқичда Қозоғистон вакили 110 тадан 85 та овоз билан ғалаба қозониб, Самарқанд заминида ўтган сайловда ФИДEнинг саккизинчи президенти сифатида фаолиятини бошлайдиган бўлди.
Маълумот учун, Тимур Турлов 1987 йил 13 ноябрда таваллуд топган. Мутахассислиги бўйича иқтисодчи ва NASDAQ фонд биржасида рўйхатга олинган ва бозор капиталлашуви тахминан 11 миллиард долларни ташкил этадиган халқаро молиявий гуруҳ “Freedom Holding Corp” компаниясининг бош директори ҳисобланади.

Айтиш лозимки, 2023 йилдан бери у Қозоғистон шахмат федерацияси президенти вазифасида ишлаб келмоқда. Турлов шунингдек, 2024 йил сентябрь ойида ташкил этилган Халқаро мактаблар шахмат федерациясининг асосчи раҳбари саналади.
Шунингдек, у Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон миллий шахмат федерацияларини бирлаштирган ассоциация раиси ҳисобланади. Ассоциация ҳомийлигида жорий йил Остонада биринчи туркий жамоавий шахмат чемпионати бўлиб ўтди.
Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфа касб этган ва ўзига хос халқаро мақомга кўтарилган Самарқанд шаҳри миллионлаб шахмат ишқибозлари, мутахассисларини бир майдонга жамлаган шахматнинг янги ривожланиш босқичини бошлаб бермоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА