“Саломатлик сари” акцияси ўтказилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган “Саломатлик сари” акцияси ташкил этилди.
Малакали шифокорлар Дўстлик” ҳамда “Халқлар дўстлиги” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 153 нафар хотин-қизни мукаммалаштирилган тиббий текширувдан ўтказишди. Тиббий кўрик жараёнида аёллар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий кўчма тиббий ускуналардан фойдаланилган ҳолда касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Акция иштирокчилари бундай тадбирлар аҳоли саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.
– Тиббий кўрикда иштирок этиб, ўз саломатлигимизни бепул текширтириш имкониятига эга бўлдик. Аёллар учун зарур бўлган текширувларнинг маҳалланинг ўзида ўтказилгани барчамизга қулай бўлди. Шифокорлар томонидан керакли маслаҳатлар берилди. Бундай хайрли ташаббусни амалга оширган ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман, – деди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Роза Утепбергенова.
Кўрик натижасида 27 нафар фуқарога стационар даволаниш учун йўлланма берилган бўлса, 55 нафарига амбулатор даволаниш ва саломатликни тиклаш бўйича тавсия тақдим этилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга дори-дармон воситалари ва тиббий жиҳозлар тарқатилиб, манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Мазкур акция аҳоли, айниқса хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этди. Партия томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва соғлом жамият барпо этишга қаратилган амалий тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири