Сармоявий ҳамкорлик тараққиётга хизмат қилади
Яхшиликнинг эшиги доим очиқ. Яхшига ёндашмоқ хайр-барака келтиради, – дейди боболаримиз. Румий ҳазратлари ҳам "Ният хайр – оқибат хайр" деганлар. Хайрли ният билан келаётган меҳмонларимиз эртага ҳамфикр ҳамкорларимизга айланиши тайин.
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V халқаро инвестиция форумидаги қизғин учрашув ва суҳбатлар шундай фикрлашга изн беради. Кузатиб бораётган бўлсангиз, Президентимизнинг иш жадвали нақадар тиғизлигини сезасиз. Хорижий давлат раҳбарлари, Бош вазирлар, улкан корпорация ва компаниялар масъуллари, халқаро молия институтлари бошқарувчилари Ўзбекистон етакчиси билан мулоқотлардан мамнунлигини билдирмоқда. Улар оммавий ахборот воситалари вакилларига диёримизнинг бой табиий ресурслари, иқтисодий имконияти, бошқарув самарадорлиги яхши натижа бераётганини эътироф этиб, ҳамкорликни янада кенгайтириш режасини тузмоқда.
Шу аснода, беихтиёр, глобал дунёнинг бугунги ҳолати ўлароқ, айни келишувларга осонликча эришилмаётганига амин бўласан, киши. Рақобат бозоридаги издиҳомда сўзни ўтказа билиш, ўзни тутиб қолиш, муносиб ўрин эгаллаш машаққати бисёр. “Бу майдон ичра турмоқ” осон эмас. Бинобарин, Ўзбекистон қатъият билан амалга ошираётган шиддатли ҳаракатлар қувонарли натижалар гарови бўлаб хизмат қиляпти.
Мазкур анжуман оддий одамларимизга нима беради? Ҳамюртларимиз ҳаётида қандай акс этади? Бу саволларга жавобни келишувлар, шартномалардан топамиз. Ўрни келганда айтиш жоиз, қурилаётган йирик корхоналарда минглаб янги иш ўрни пайдо бўлади. Рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортни ташкил этиш каби муҳим ишларни ўзимизнинг қора кўзлар бажаради. Шу билан бирга турли даражадаги хизмат соҳаларига янгича ёндашиш, замонавий технологияни амалиётга жорий этиш, ёш малакали кадрлар тайёрлаш долзарб масалага айланади. Бу жараён тизимли занжир ҳосил қилади.
Бизда меҳмоннинг ҳурмати мезбоннинг иззати билан қадрланади. Тошкент инвестиция форумини ҳам шундай мезон билан баҳолаш мумкин. Ўзбекона эътибор билан кутиб олинаётган меҳмон маданий-маърифий, маънавий қиёфамизни ҳам кўради. Хусусан, хизмат кўрсатиш бўйича барча ўрнак олса бўладиган жиҳатларимизни намоён қилиш маҳоратимиз ҳам сармоя жалб қилади. Хуллас, мамлакатимиз ҳар жабҳада юксак тараққиёт сари дадил одимламоқда.
Абдуғафур Маматов,
ЎзА