Россия дронлари Украинадаги ёнилғи қуйиш шохобчасига ҳужум қилди
Украинанинг Николаев вилоятида жойлашган “SOCAR” компаниясига тегишли ёнилғи қуйиш шохобчаси Россия Қуролли кучлари дронлари ҳужумига учради.
Натижада мажмуа ҳудудида кучли портлаш юз бериб, маъмурий бинога зарар етган. Бу ҳақда “Trend.аz” хабар берди.
Ҳодиса 5 июль кечқурун Нечаяне қишлоғи Одесса кўчаси 2-А уй ёнида кузатилган. “SOCAR Energy Ukraine” компанияси расмий маълумотига кўра, объектга “Шаҳид” русумли уч жанговар дрон зарба берган. Хавфсизлик чораси олдиндан кўрилгани, ҳаво ҳужуми ҳақидаги огоҳлантиришга қатъий риоя қилингани ва бошпана мавжудлиги сабаб, фожиали оқибатнинг олди олинган. Ҳужум вақти барча ходимлар яширинишга улгурган, ҳеч ким жабрланмаган. Сўнгги вақтда Россия Украина бўйлаб ёнилғи қуйиш шохобчаларига ҳаводан тез-тез ҳужум уюштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ҳам Житомир вилояти Березина қишлоғидаги портлаш оқибатида “SOCAR Energy Ukraine” таркибидаги икки мажмуа жиддий шикастланган. 8 августга ўтар кечаси Одесса вилоятидаги SOCAR нефть омборига дрон ҳужуми кучли ёнғин келтириб чиқарган ва тўрт киши оғир жароҳатланган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА