Қирғизистонда аёлларни ўлдирганлар умрбод қамаладими?
Қирғизистон парламенти депутати Бурул Аманова мамлакат Жиноят кодексига “фемицид” атамасини киритиш ва хотин-қизларга қарши содир этилган мудҳиш жиноят учун жазо чорасини энг юқори даражада оғирлаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
“24.kg” нашри хабар беришича, лойиҳада аёл кишини жинсига нисбатан нафрат ёки камситиш асосида зўрлаш билан боғлиқ ҳолда, ҳомиладор аёлни қасддан ўлдириш ёки уни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш ҳолатлари фемицид сифатида баҳоланган. Яъни, бундай оғир жиноят содир этган шахсга нисбатан мол-мулкни мусодара қилган ҳолда, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш, уларга нисбатан ҳеч қандай амнистия қўлламаслик таклифи илгари сурилмоқда.
Депутат аниқлик киритишича, мазкур ташаббус хотин-қизлар ҳаётини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бош прокуратура маълумоти ҳамда “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” (WPS) халқаро индекс кўрсаткичи мамлакатда аёлларга қарши жиноят йил сайин кўпайиб бораётгани, ҳудуд хотин-қизлар учун хавфли бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ушбу омиллар мазкур қонун қабул қилиниши нақадар долзарблигини асослайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА