Россия бўйлаб рекорд даражадаги дронлар ҳужуми: Санкт-Петербург ва 7 та вилоят нишонга олинди
6-июнь тонгида Россия ҳудуди дрон ҳужумига учради. Санкт-Петербург ва бошқа қатор вилоятларда ҳаво мудофааси фаоллашиб, юзлаб дрон уриб туширилди.
Шимолий пойтахт Санкт-Петербург шаҳрида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ҳақида шаҳар губернатори Александр Беглов расмий маълумот тарқатди.
Бегловнинг таъкидлашича, ҳужум вақти хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча тезкор чоралар кўрилган. Расмийлар маҳаллий аҳолини огоҳликка чақириб, хавфсизлик чоралари доирасида ҳудудда мобил интернет фаолиятида вақтинчалик чеклов ва узилишлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ленинград вилояти губернатори Алдександр Дрозденконинг маълум қилишича, биргина ушбу вилоят осмонида ҳаво мудофаа кучлари томонидан 86 та дрон уриб туширилган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса мамлакат миқёсида ҳужум кўлами йирик бўлганини қайд этди. Расмий баёнотга кўра, РФнинг турли ҳудудида жами 376 та дрон йўқ қилинган. Зарбалар Белгород, Брянск, Калуга, Курск, Новгород, Орёл ва Псков вилоятларида қайд этилди.
Ҳаво ҳужуми аксарият ҳудудларда қайтарилган бўлса-да, Украина Қуролли Кучларининг тўғридан-тўғри чегарадош бўлган Белгород вилоятига қилган ҳужуми талафотсиз кечмади. Тўқнашув ва портлашлар оқибатида ушбу вилоятда бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, яна бир киши эса оғир жароҳат олди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА