Европадаги жазирама миллионлаб болалар саломатлигига таҳдид солмоқда
“Save the children” ташкилоти таҳлилларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ярим ойида Ғарбий Европада яшовчи болаларнинг қарийб учдан икки қисми кескин иссиқ тўлқинлари таъсирида қолган. Бу кўрсаткич бутун 2025 йилдагидан уч баробар юқори бўлиб, 2003 йилдан бери кузатилган энг юқори даража сифатида қайд этилди.
Ҳисоботда айтилишича, айрим мамлакатларда вазият янада ташвишли тус олган. Масалан, Германияда жорий йилнинг биринчи ярмида хавфли ҳароратга дуч келган вояга етмаганлар сони сўнгги беш йилдаги умумий кўрсаткичдан ошиб кетган. Буюк Британияда эса олти ой ичида 10 миллион нафар бола ана шундай шароитда яшашга мажбур бўлган.
Мутахассислар болалар организми юқори ҳароратга катталарга нисбатан анча сезгир эканини таъкидламоқда. Сабаби, уларнинг тана ҳароратини меъёрда ушлаб туриш қобилияти ҳали тўлиқ шаклланмаган. Бу эса сувсизланиш, нафас йўллари касалликлари, буйрак билан боғлиқ муаммолар ва бошқа саломатлик хавфларини оширади. Айниқса, кам таъминланган ёки соғлиғида муаммоси бор оилалар фарзандлари бундай вазиятдан кўпроқ жабр кўради.
Иссиқ тўлқинлари таълим тизимига ҳам таъсир ўтказди. Июнь ойида Франция ва Буюк Британиянинг қатор ҳудудларида ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мактаблар вақтинча ёпилди. Таҳлилчилар йилнинг иккинчи ярмида ҳарорат янада ошиши мумкинлигини ҳисобга олиб, якуний рақамлар ҳозиргидан ҳам юқори бўлишини истисно қилмаяпти.
Ташкилот ҳукуматларни иқлим ўзгаришига қарши чораларни тезлаштиришга чақирди. Экологлар фикрича, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш орқали келажак авлодни экстремал об-ҳаво оқибатларидан муҳофаза қилиш мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА