Риштонда полвонлар майдонга тушди
Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли Жаҳонобод қишлоғида белбоғли кураш бўйича анъанавий республика очиқ турнири ўтказилиб, у Риштон тумани ҳокими кубоги учун беллашувларга айланди.
Мазкур мусобақа 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилгани унинг маънавий аҳамиятини янада оширди. Турнир нафақат спорт, балки хотира ва қадр тимсолига айланиб, Жаҳонобод заминида яшаб ўтган номдор полвонлар ва мураббий-устозлар руҳига бағишланди.

Тантанали очилиш маросимида Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов иштирок этиб, полвонларга омад ва ғалабалар тилади. Турнир Риштон тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, Фарғона вилоят спорт бошқармаси, Ўзбекистон ва вилоят белбоғли кураш федерациялари ҳамда ҳомийлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Қизиқарли жиҳати шундаки, мусобақа халқаро тус олди — юртимиз полвонлари билан бир қаторда Тожикистон ва Қирғизистондан келган спортчилар ҳам гиламга чиқди. Бу эса беллашувларга янада шиддат ва рақобат руҳини бағишлади.

Кўп сонли мухлислар иштирокида ўтган сайил курашида ҳар бир беллашув ҳақиқий томошага айланди. Айниқса, Зайлобиддин Ортиқов, Ҳусниддин Рўзиев, Аъзамжон Анваржонов ва Бобур Тўхтасинов каби номдор полвонлар иштирокидаги курашлар томошабинларга унутилмас онларни тақдим этди.
Шу куни майдонда фақат ғалаба эмас, балки ҳурмат ва эҳтиром ҳам устувор бўлди. Фахрий полвонлар эъзозланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, марҳум полвонлар — Аҳмаджон Эгамов, Абдуқодир Жумабоев, Азим Қўлдошев, Орифжон Собиров, Муллахожи Султонов, Беғамжон Эрматов, Бекзодбек Норматов ва Абдулла Мамаюсупов номлари эҳтиром билан ёдга олинди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Жаҳонободда ўтган ушбу турнир яна бир бор миллий курашимиз нафақат спорт, балки халқни бирлаштирувчи маънавий куч эканини намоён этди.
Н. Раҳмонова, ЎзА