“Жисмоний тайёргарлик даражаси” синовлари ўтказилди
Андижон давлат университетининг “Универсал” спорт мажмуасида ёшларнинг жисмоний салоҳиятини синовдан ўтказиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари бўлиб ўтди.
Нуфузли спорт тадбирида Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Осиё олимпия кенгаши (ООК) вице-президенти Отабек Умаров, Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, дзюдо бўйича “Париж - 2024” ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова ҳамда спортсевар ёшлар иштирок этиб, мусобақаларга ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфият бағишлади.

Мазкур спорт тадбирида арғамчида сакраш, 60 метрга югуриш, 3x10 метрга мокисимон югуриш, ерга таянган ҳолда қўлларни букиш ва ёзиш, куракда ётган ҳолда гавдани 90 даражага кўтариш ҳамда саватга тўп ташлаш каби спорт турлари бўйича иштирокчилар ўз маҳорати ҳамда жисмоний тайёргарлик даражаларини синовдан ўтказди.
Спорт синовлари тажрибали мутахассислар ва жисмоний тарбия фани устозлари томонидан баҳоланиб, талабаларнинг натижалари аниқ ва тартибли тарзда қайд этилди. Мазкур тадбир ёшларни соғлом турмуш тарзига ундаш ҳамда жисмоний фаолликни ошириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.


Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА