Республика кубоги соҳиби бўлишди
Сирдарё вилояти ёшлари мини-футбол бўйича “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” мусобақасининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритишиб, яна бир бор ўзларининг юксак спорт маҳорати ва ғалабага бўлган қатъий интилишини намоён этишди.
Гулистон давлат университети спорт мажмуасида 16–17 июнь кунлари бўлиб ўтган мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 14 та сара жамоа иштирок этди. Икки кун давомида майдонда кескин ва муросасиз баҳслар кечди. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун курашган ёш футболчилар тезкорлик, жисмоний тайёргарлик ва жамоавий ўйин борасида юқори маҳорат намойиш этдилар.


Мусобақада Сирдарё вилояти шарафини Мирзаобод тумани ёшлари ҳимоя қилди. Улар турнир давомида барқарор ўйин кўрсатиб, ҳар бир баҳсга юқори масъулият билан ёндашди. Майдондаги ишончли ҳаракатлар, аниқ ҳужумлар ва мустаҳкам ҳимоя чизиғи жамоанинг ҳал қилувчи учрашувларда ҳам устунлик қилишларига замин яратди.



Қизғин кечган баҳслар якунида Сирдарё вилояти жамоаси чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Андижон вилояти жамоаси иккинчи, Қашқадарё вилояти вакиллари эса учинчи ўринни эгаллашди.


Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда ўтди. Унда жамоалар кубок, медаллар, дипломлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Чемпионлик кубогининг Сирдарё ёшлари қўлида баланд кўтарилиши мусобақанинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА