Судья ёрдамчиси 2500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди
Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг судья ёрдамчиси хизмат мавқеидан шахсий манфаат йўлида фойдаланмоқчи бўлди.
Хусусан, у Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилояти туманларидан биридаги бўлимда жорий йилнинг май ойидан фаолият юрита бошлаган фуқарони гўёки ўзининг мансабдор танишлари орқали ишга киритиб қўйганини рўкач қилиб ҳамда келгусида уни ўзига мақбул бўлган тумандаги МИБга ўтказиб қўйишини айтиб, эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда судья ёрдамчиси сўралган пул маблағини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА