Реабилитация хизмати жорий этилади
Сирдарё вилоятида тиббий-ижтимоий реабилитация хизматларини такомиллаштириш ва соҳага халқаро тажрибани жорий этишга қаратилган ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда. Шу мақсадда Japanese Society of International Rehabilitation мутахассислари Каори Ямагучи ва Коно Макото вилоятга ташриф буюрди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ҳамда парваришга муҳтож фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, уй шароитидаги реабилитация хизматларини кенгайтириш ва соҳа мутахассислари малакасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар япон тажрибаси асосида замонавий реабилитация усулларини амалиётга татбиқ этиш, аҳолига манзилли ижтимоий хизматларни йўлга қўйиш ҳамда келгусида ўзаро тажриба алмашиш бўйича фикр алмашдилар. Шунингдек, соҳада ўқув-семинарлар ташкил этиш ва мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Ташриф давомида япон мутахассислари вилоятда аҳолига кўрсатилаётган реабилитация хизматлари, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ва уй шароитидаги парвариш тизими билан ҳам танишишди.

– Инсонга яқин ва сифатли ижтимоий хизматларни ташкил этишда халқаро тажриба муҳим аҳамият касб этади. Сирдарё вилоятида бу борада бошланган ҳамкорлик келгусида реабилитация хизматлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси Катта ёшдагилар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Гулчеҳра Каримова.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА