Разамбек Жамалов ва Ғуломжон Абдуллаев Туркияда чемпионликни нишонлади
Туркиянинг Кожаэли шаҳрида эркин кураш бўйича нуфузли Hasan Gemici & Gazanfer Bilge халқаро турнири давом этмоқда.
Анъанавий мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, навбатдаги халқаро ютуқларни қўлга киритди.
Эътиборлиси, “Париж–2024” Олимпия ўйинлари чемпиони Разамбек Жамалов ҳамда Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Ғуломжон Абдуллаев ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақанинг олтин медалини қўлга киритди.
61 кг. вазн тоифасида курашган Ғуломжон Абдуллаев финалда қозоғистонлик Аллан Оралбекдан устун келиб, чемпионликка эришди. 74 кг. вазндаги Разамбек Жамалов эса ҳал қилувчи беллашувда эронлик Али Карампурни мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Яна бир ҳамюртимиз Шаҳзодбек Ярашев (70 кг.) финалда молдовалик Василе Диаконга имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди. Асадбек Саидтўраев (57 кг.) эса мусобақани бронза медали билан якунлади.
Мусобақа низомига кўра, чемпионлар 1000 евро, кумуш медаль соҳиблари 750 евро, бронза медали соҳиблари эса 500 евро миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланди.
Икки кунлик баҳслар якунига кўра, Ўзбекистон эркин кураш терма жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Айни пайтда мезбон Туркия терма жамоаси 4 та олтин, 1 та кумуш ва 14 та бронза медали билан пешқадам бўлиб турибди. Эрон жамоаси эса 2 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза медали билан иккинчи поғонадан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА