Расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади
Сенатнинг ялпи мажлисида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Миллий ва хорижий фойдаланувчилар учун расмий статистика маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини энг юқори даражада таъминлаш, иқтисодиёт соҳаларининг ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ташкил этилиши расмий статистика соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштириш жараёнида статистика органларининг мустақиллиги ва ваколатларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Расмий статистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг нормаларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.

Мазкур қонун билан статистика кенгашининг ваколатлари кенгайиб, статистика ишларини ташкил этиш тизимини яратишга кўмаклашиш ҳамда расмий статистикани тайёрловчиларнинг соҳага оид фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилмоқда.
Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика маълумотларига ёки статистика маълумотларини тайёрлаш фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ваколатли давлат органи билан келишилиши шартлиги берилмоқда.
Эълон қилинган расмий статистикада тафовутлар аниқланганда уни тузатилиши ва тузатилган маълумотлар жамоатчиликка эълон қилиниши ҳам қонун билан белгилаб қўйилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун статистика соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштиришга ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,ЎзА