Самарқанддаги жаҳон саммити Покистон матбуоти эътиборида
Покистоннинг миллий APP (Associated Press of Pakistan) ахборот агентлиги Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган "Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл" жаҳон саммити якунларига бағишланган мақола эълон қилди.
Нашр тадбирда қабул қилинган Самарқанд декларацияси ҳамда Ўзбекистоннинг болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ташаббусларини ёритган.
Нашрнинг қайд этишича, 21-22 октябрь кунлари Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг ихтисослашган тузилмалари ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этган ушбу нуфузли саммитда дунё давлатларининг биринчи хонимлари, вазирлар, халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари жам бўлган. Қабул қилинган Самарқанд декларациясида болаларни зўравонлик ва эксплуатациянинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини тубдан кенгайтириш ҳамда уларнинг фаровонлигига йўналтириладиган инвестицияларни кўпайтириш каби стратегик вазифалар белгилаб олинган.
Шунингдек, APP агентлиги Ўзбекистон Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг саммитдаги нутқига алоҳида эътибор қаратди. У ўз маърузасида болаларнинг бугунги кундаги хавфсизлиги, саломатлиги ва қадр-қимматини таъминлаш – уларнинг порлоқ келажагини кафолатлаш ва ҳимоя қилишнинг энг асосий ҳамда устувор шарти эканини қатъий таъкидлади.
Покистон ахборот агентлиги ўз мақоласида саммит доирасида Самарқанд шаҳрида “Имкон” кўп тармоқли марказининг очилишига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Нашрнинг ёзишича, мактабгача таълим, махсус педагогик ёрдам ва тиббий реабилитация хизматларини ўзида мужассам этган ушбу замонавий марказ болаларга комплекс кўмак кўрсатишга йўналтирилган. Мажмуа таркибидаги мактабгача таълим бўлими 150 нафар болага мўлжалланган бўлиб, уларнинг сифатли таълим ва тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Марказнинг амбулатор бўлими эса ҳар ойда 100 нафарга яқин болага юқори малакали реабилитация ва махсус педагогик хизматлар кўрсатиш имкониятига эга.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА