Рақамли трансформация глобал хавфсизлик муҳитини ўзгартирмоқда
Самарқандда бўлиб ўтаётган Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлик мулоқотида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари вазифасини бажарувчи, БМТ Терроризмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Александр Зуев нутқ сўзлади.
– Ушбу Мулоқотнинг аҳамияти нафақат янги таҳдидларни баҳолаш борасида тажриба алмашиш, балки миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва барқарор профессионал тармоқларни яратишга хизмат қилувчи амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишда ҳам намоён бўлади, — дея таъкидлади Александр Зуев.
БМТ Бош котиби ўринбосари вазифасини бажарувчи рақамли трансформация глобал хавфсизлик муҳитини ўзгартириб, хавф-хатарларнинг олдини олиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратаётганини қайд этди. Шу билан бирга, технологик тараққиёт ютуқларидан террорчилар ҳам ўз мақсадларида фойдаланиши хавфи ортмоқда.
Марказий ва Жанубий Осиёда «ИШИД — Хуросон» энг жиддий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу гуруҳ анъанавий воситалар билан бир қаторда, тарғибот материалларини, жумладан, Марказий Осиё тилларига тезкор таржима қилиш ва кенг тарқатишда сунъий интеллектдан фаол фойдаланмоқда.
Терроризм, кибержиноятчилик ва ноқонуний молиявий оқимларнинг тобора бир-бирига чирмашиб кетаётгани террорчилик фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада мураккаблаштирмоқда.
– Хавфсизлик соҳаси мутахассислари олдида турган вазифа шунчаки юз бераётган ўзгаришлар билан ҳамқадам бўлиш эмас, балки таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш, турли идоралар ҳамда юрисдикциялар ўртасида ахборотни тўплаш ва таҳлил қилишни таъминлаш, олинган натижаларни эса ўз вақтида амалий ҳаракатларга айлантиришдан иборатдир, – деди БМТ вакили.
ЎзА