Хавфсизликни таъминлашда биргаликда фаол иш олиб бориш лозим
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқотида халқаро ташкилотлар ва йигирмадан ортиқ давлатлар вакиллари "Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш" мавзуси бўйича ўз фикрларини билдирмоқда.
Учрашувга раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси генерал-полковник Баҳодир Қурбонов иштирокчилар эътиборини террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ўз мафкурасини тарқатиш, тарафдорларни ёллаш, терактларни молиялаштириш, уларга тайёргарлик кўриш ҳамда амалга оширишда рақамли технологиялардан фаол фойдаланаётганига қаратди.
– Биргина 2026 йилда экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга 49 мингдан зиёд интернет-ресурс аниқланган бўлиб, бу 2025 йилги кўрсаткичга (43 мингга яқин) нисбатан 14 фоизга кўпдир, – деди ДХХ раҳбари. – Бундай тенденция радикал ғояларни тарғиб қилишда глобал тармоқдан фойдаланиш кўлами ортиб бораётганини яққол кўрсатади.
Шунингдек, Хизмат раҳбари Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича 2021–2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегияни амалга ошириш доирасида идоралараро ва халқаро ҳамкорлик механизмлари такомиллаштирилганини таъкидлади. Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ишларнинг натижалари халқаро рейтингларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2026 йилги Глобал терроризм индексида Ўзбекистон 96-ўринни эгаллагани (минимал хавф тоифаси) ушбу иллатга қарши курашишда миллий ёндашувнинг самарадорлигини намоён этди.
Б.Қурбонов ўз нутқида рақамли трансформация даврида хавфсизликни таъминлаш бўйича устувор йўналишларга тўхталди. Улар қаторидан рақамли муҳитда террорчилар фаолиятининг янги шакл ва усулларини аниқлаш, сунъий интеллектдан террорчилик мақсадларида фойдаланишнинг олдини олиш каби масалалар ўрин олган.
Шунингдек, Б.Қурбонов терроризм ва радикализмнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашиш ва уларнинг олдини олишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини қайд этиб, мулоқот иштирокчиларини бу борада фаол иш олиб боришга чақирди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири