Рақамли технологиялар сув ресурсларини бошқаришнинг самарали ечимига айланмоқда
Бугун Сувчилар мактабида иқлим маълумотлари асосида суғоришни режалаштириш ҳамда “SMARTWATER” дастурининг имкониятларини янада кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Сув хўжалиги вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот ҳамда олий таълим муассасалари, халқаро молия институтлари, донор ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари эса тадбирга онлайн тарзда қўшилди.
Тадбирни сув хўжалиги вазири ўринбосари Миролимжон Каримов очиб, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларига бўлган босим ортиб бораётган шароитда сувдан тежамкор ва самарали фойдаланиш энг устувор вазифалардан бирига айланганини таъкидлади.

Айтиш жоизки, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги тобора кучайиб бораётган шароитда сув ресурсларини ҳар томонлама тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса сув хўжалигида рақамли технологиялар, замонавий ёндашувлар ва илмий ишланмаларни кенг жорий этишни тақозо этмоқда. Шу мақсадда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар соҳада замонавий бошқарув усулларини татбиқ этиш ҳамда сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга қаратилган.
Давра суҳбатида “SMARTWATER” дастурининг янги имкониятлари тақдим этилди. Унаг кўра, мазкур дастур экинларнинг сувга бўлган эҳтиёжини аниқ ҳисоблаш, ортиқча сув сарфининг олдини олиш ва мавжуд сув ресурсларидан янада самарали фойдаланишда муҳим ҳисобланади.

Муҳокамалар чоғида Сирдарё вилоятининг туманларидан бирида “SMARTWATER” дастури асосида суғориш режимларини белгилаш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, дастурнинг функционал имкониятларини кенгайтириш, уни турли тупроқ-иқлим шароитларига мослаштириш ва амалиётга кенг жорий этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Давра суҳбати якунида “SMARTWATER” дастурининг функционал имкониятларини янада кенгайтириш ва уни сув хўжалиги амалиётига босқичма-босқич татбиқ этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА