Истеъмолчи ҳуқуқи: сифатсиз кабеллар алмаштирилди
Наманган вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, ёзма ва оғзаки мурожаатларини ижобий ҳал этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунга яқинда Мингбулоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига фуқаро М.М. томонидан келиб тушган мурожаат ҳамда унинг натижаси мисол бўлади.
Мурожаатда қайд этилишича, аёлнинг хонадонига шу йил март ойида тадбиркор томонидан 30 кВт қувватга эга қуёш панели ўрнатилган. Бироқ орадан икки ой ўтиб, кабелларда носозлик юзага келган. Кабеллар сифатсизлиги сабабли эриб кетган ва бунинг оқибатида қуёш панели электр энергияси ишлаб чиқаришдан тўхтаган.
Фуқаро ушбу ҳолат юзасидан тадбиркор билан боғланиб, муаммони тушунтирган. Аммо, кичик бизнес субъекти вакили кабелларни сифатлисига алмаштириб беришдан бош тортгани сабабли.истеъмолчи амалий ёрдам сўраб, жамиятга ёзма ариза қолдирган.
Мазкур мурожаат туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилди. Жараён давомида тадбиркор билан боғланиб, фуқаронинг хонадони ҳолат юзасидан кўздан кечирилди.
Шундан сўнг, қуёш панелига уланган кабеллар ҳақиқатдан ҳам сифатсиз экани аниқланиб, етказиб берувчи томонидан улар сифатли кабелларга алмаштирилди ва фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.