Рақамлаштириш орқали шаффофлик таъминланмоқда
Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ижро жараёнларини рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ижро ишлари доирасида қабул қилинган 1 миллион 309 мингта қарорнинг 905 мингтаси, яъни 69 фоизи инсон аралашувисиз автоматик тарзда қабул қилинди.
Шунингдек, ҳар бир ижро ҳаракати, жумладан, қўлланилган чекловлар ҳақида қарздорларни автоматик тарзда хабардор қилиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларга 505,9 мингта SMS-хабарнома автоматик тарзда юборилди.
– Ижро жараёнида қарздорларнинг мол-мулкларини бегоналаштириш орқали қарздорликни тўлашдан бўйин товлашининг олдини олиш мақсадида мол-мулкларни аниқлаш, уларга тақиқ қўйиш, автотранспорт воситаларига қидирув эълон қилиш, юридик шахсларнинг ҳисоб варақларига инкассо топшириқномаси ҳамда банд қўйиш жараёнлари автоматлаштирилди, – дейди бошқарманинг ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш шўъбаси мутахассиси Мадатбек Ширинқулов. – Айни вақтда давлат ижрочилари томонидан ўзларига бириктирилган маҳаллаларда қарздорликларни сўндиришда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишнинг афзалликлари, мазкур тизимнинг шаффофликни таъминлаш ва коррупция хавфларининг олдини олишдаги аҳамияти юзасидан кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар қарздорликни нақд пул шаклида тўлаш истагини билдирган ҳолларда, давлат ижрочиларига бириктирилган планшет қурилмалари орқали нақд пул маблағлари электрон тарзда расмийлаштирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири