НКМК халқаро стандарт талабларига жавоб берди
"Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти фаолиятининг ISO 37301:2021 "Комплаенс-менежмент тизими" халқаро стандарти талабларига тўлиқ мувофиқлиги тасдиқланди.
Юртимизда давлат иштирокидаги йирик саноат корхоналарида замонавий корпоратив бошқарувни жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда халқаро стандартлар асосида самарали бошқарув тизимини шакллантириш давлат сиёсати устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимиз саноат тармоқларида халқаро эътирофга сазовор натижаларни бермоқда. ISO 37301:2021 “Комплаенс-менежмент тизими” халқаро стандартининг тасдиқланиши корхонада қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этиш, ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва коррупция хавфларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасидир.

ISO 37301:2021 “Комплаенс-менежмент тизими” халқаро стандартининг жорий этилиши ходимлар ўртасида ҳалоллик ва масъулият маданиятини янада юксалтириш, ҳуқуқбузарликлар хавфини камайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда бошқарув жараёнларининг очиқ ва самарали тизимини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, у комбинатнинг халқаро нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини оширишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Стандартни жорий этиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан кўрсатилган методологик кўмак алоҳида эътироф этилди.

Сертификат “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақуловга топширилди.
Тадбирда Агентлик директорининг ўринбосари Умида Тўхташева видеоконференцалоқа орқали иштирок этиб, комбинат жамоасини ушбу муҳим ютуқ билан табриклади ва комплаенс тизимини янада ривожлантириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири