Раҳмат сизга, муаллим, таъзим сизга, устозлар!
Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етиши, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга киришида ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси беқиёс.
Улар қалбларимизни илм-маърифат зиёси билан чароғон этган мўътабар зот.
Шундан бўлса керак, заҳматкаш устозларга кўнглимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин. Зеро, бу ёруғ оламда инсон закоси ила неки мўъжизалар яратилган бўлса, барининг наққоши устоздир. Шу сабабли халқимиз азал-азалдан устозларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келади.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўқитувчиларнинг самарали меҳнат қилиши, ўқувчи-ёшларнинг пухта билим эгаллаши учун замонавий шарт-шароитлар яратилди. Масалан, беш йил олдин юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам 19 минг 316 тага, тизимдаги қамров 62 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етди.
Юртимизда боғча, мактаб ва олий таълим тизимида ишлаётган тарбиячилар, ўқитувчи ва домлалар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда. Соҳа ривожига бўлган ана шундай эътибор мактабларда ўқув-тарбия жараёнларини сифат жиҳатидан ўзгартиришга, ўқитувчилар таркибини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Қувонарли томони, боғча таълими билан бирга олий таълим тизимини ҳам узвий ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Жаҳондаги нуфузли олий ўқув юртларининг Ўзбекистондаги филиаллари ташкил этилиб, ёшларимизнинг халқаро таълим стандартлари асосида билим олиши учун кенг имкониятлар яратилди.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг соҳа вакилларига йўллаган байрам табригида кейинги беш йилда чет эллардаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги университет ва институтлар ҳамда филиаллари барпо этилгани қайд этилди. Уларнинг умумий сони 144 тага етказилгани, қамров даражаси 3 карра ортиб, 9 фоиздан 28 фоизга етгани соҳага қаратилаётган юксак эътибордан далолат беради.
Шунингдек, кейинги пайтда мамлакатимизда ёшларга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқаришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди. Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятлар берилиб, ўқишга кириш жараёнлари соддалаштирилди. Зотан, жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.
Албатта, бундай янгиланиш жараёнларида устоз-мураббийларнинг ишга, ҳаётга муносабати тубдан ўзгариб, улар доим изланиб, янгиликка интилиб, илғор таълим технологиялари ва методикаларини пухта ўзлаштириб боряпти. Бу ўз навбатида, ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Файласуф Конфуций айтганидек, “Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт эк, агар асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, билим, илм эк. Бугун илм-фанга қаратилаётган эътибор ҳам узоқни кўра билиш, порлоқ келажак сари ташланган дадил қадамдир”.
Шу нуқтаи назардан, халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб келган. Чунки ўқитувчи ва мураббийлар фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялайди. Ёшларга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ҳам ўргатади, уларни келажакка тайёрлайди.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати