“Ёш чегарачилар” мусобақаси: тарих, билим ва жасорат уйғунлиги
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда кеча старт олган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг республика босқичи баҳслари юксак савияда ташкил этилди. Мазкур мусобақа Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Аввал хабар қилинганидек, мусобақанинг якуний босқичида иштирок этаётган 13 та жамоа таркибидаги 130 нафар ўқувчи пойтахтда кутиб олиниб, дастлаб Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги биносида жам бўлди. Бу ерда улар билан ўтказилган учрашув давомида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, улар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчилар ДХХ Чегара қўшинлари фаолиятига бағишланган видеороликларни томоша қилиб, ҳарбий хизматчилар билан мулоқотда бўлди.
[gallery-29494]
Куннинг иккинчи ярмида эса ёш чегарачилар учун пойтахтимиздаги “Заковат” арена мажмуасида интеллектуал беллашув ташкил этилди. Мусобақанинг 15 йиллиги муносабати билан ўтказилган мазкур “Заковат” ўйинида ҳар бири олти нафар иштирокчидан иборат жамоалар билим ва тафаккур борасида ўзаро куч синашди.
Икки турдан иборат беллашувда тарих, илм-фан, мантиқий мазмундаги жами 24 та савол ўйналди. Саволлар иштирокчиларнинг тезкор фикрлаш, жамоавий ҳамжиҳатлик ва таҳлил қилиш қобилиятини синовдан ўтказди. Қизғин ва муросасиз кечган интеллектуал баҳсларда Наманган вилоятининг “Ўзбегим ўғлонлари” жамоаси энг юқори натижани қайд этиб, ғолиб бўлди. Сирдарё вилоятининг “Бургутлар” жамоаси иккинчи, Бухоро вилоятининг “Бургутлар” жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан кўчма кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Интеллектуал беллашувдан сўнг иштирокчилар учун “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида ёшлар халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонлиги, жасорати ва матонати ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Айниқса, Матонат мадҳияси монументи иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Мазкур ёдгорлик орқали ёшлар уруш йилларида беш нафар ўғлидан айрилган бўлса-да, иродаси синмаган Зулфия ая Зокированинг сабр-матонати ва жасоратини қалбан ҳис қилди.
Шунингдек, мажмуа ҳудудида жойлашган “Миллат фидойилари” хиёбонида ёшлар мустақиллик йилларида юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва давлат сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига эҳтиром бажо келтирди.
Тарих ва бугунни ўзаро боғлаб турган ушбу маънавий-маърифий тадбирлар ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Камола Юсупова, ЎзА