«Раҳбар ва ёшлар» учрашуви
Сирдарё юридик техникуми ўқувчилари иштирокида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ўтказилди. «Мамлакат келажаги — қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан» мавзусидаги мулоқотда ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, қонунга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқотда Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизжон Мавлонов иштирок этиб, ёшлар билан ҳуқуқий маданият, қонун устуворлиги ва жамиятда фуқаролик масъулиятининг аҳамияти хусусида фикр алмашди.

Мулоқот давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, аввало, ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши, қонун талабларига риоя қилиши муҳимлиги қайд этилди. Қонунни билиш ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан бирга, ҳуқуқбузарликка олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишда ҳам муҳим омил экани тушунтирилди.

Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, катта лейтенант Муҳиддин Ортиқбоев ёшлар ўртасида учраши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик турлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, бундай хатти-ҳаракатлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари тушунтирилди.

Мулоқотнинг амалий қисмида реал ҳаётий мисоллар асосида савол-жавоб ўтказилди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар юзасидан саволлар беришиб, мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.

Учрашувда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мунтазам ошириш, ҳуқуқбузарликка олиб келиши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда таълим муассасалари, ота-она ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири