Божхона соҳасидаги янги ёндашувлар тадбиркорларга кўмак беради
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолиятда юзага келаётган масалаларни жойида ўрганиш ҳамда уларнинг ечимига кўмаклашиш мақсадида Тошкент вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари ҳудудларда тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Тошкент туманидаги “Bonito Group” корхонасида ўтказилгапн усрашувда Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Мазкур ҳужжатда тадбиркорлик субъектлари учун божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнларини тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мулоқот давомида корхона вакиллари билан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда юзага келаётган масалалар, хусусан, импорт қилинаётган хомашё, тикувчилик фурнитураси ва ишлаб чиқариш ускуналарини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнлари муҳокама қилинди. Мавжуд муаммоларни қонунчилик талаблари доирасида ҳал этиш, божхона хизматлари сифатини ошириш ва тадбиркорлар учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Маълумот учун, “Bonito Group” МЧЖ 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона Хитой, Туркия, Япония ва Италиядан хомашё, фурнитура ҳамда ишлаб чиқариш ускуналарини импорт қилади. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 13 миллион донадан ортиқ маҳсулот бўлиб, бу 15 миллион АҚШ долларига баҳоланади.

Бундай сайёр учрашувлар тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита иш жойида ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, божхона органлари билан бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА