Қурбон ҳайити намози кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан адо этилди
Бугун мамлакатимиз бўйлаб улуғ айём — Қурбон ҳайити намози кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан адо этилди. Ушбу муборак байрам муносабати билан ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик, оқибат, меҳр-шафқат ва саховат каби юксак инсоний фазилатларни яққол намоён этувчи давлат миқёсидаги улкан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирлари ташкил этилди.
Айнан шу муборак айём кунларида аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини ва меҳр-саховат тадбирларини янги босқичга кўтариш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан яна бир тарихий қарор қабул қилинди.

Унга кўра, давлат мақсадли жамғармалари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан жами 690 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида улкан хайрия ва ижтимоий ҳимоя тадбирларини амалга ошириш белгиланди.

Байрам муносабати билан ижтимоий ҳимояга энг муҳтож бўлган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг омонат ҳисобварақларига тўғридан-тўғри 200 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ўтказиб берилди. Ушбу моддий рағбат етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда “СОС” болалар маҳаллалари тарбияланувчиларига тақдим этилади.

Диний-маърифий соҳадаги қулайликларни ошириш мақсадида республикамиздаги 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қуриш, уларни реконструкция қилиш ёки мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланди. Халқимизнинг азалий қадриятларига мос равишда, жойлардаги қабристонлар ва зиёратгоҳларни обод қилиш бўйича ҳам кенг қамровли ободонлаштириш ишлари самарали ташкил этилди.

Шунингдек, бу йил яна бир хайрли ва тарихий ташаббус амалга оширилди. Ватан ва xалқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз илк бор давлат ҳисобидан муборак Ҳаж сафарига юборилди.

Мазкур тизимли ишлар давлатимизнинг ўз фуқароларига бўлган чексиз ғамхўрлиги, халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА