Маҳаллаларда озодаликни таъминлашга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда
Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда ободлик ва озодалик муҳитини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар бошланган. Маҳалла ва кўчаларни саришта ҳолатга келтириш мақсадида республика бўйлаб “Долзарб 10 кунлик” тозалик тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбир давомида санитар тозалаш корхоналари томонидан барча ҳудудлар қаттиқ маиший чиқиндилардан тозаланади. Шунингдек, маҳалла ҳудудларини озода сақлаш, байрам тадбирларида чиқинди тўпланиб қолишининг олдини олиш, чиқиндиларни график асосида ўз вақтида олиб кетишга қатъий риоя қилиш бўйича зарурий чоралар кўрилади.
Бу каби тозалик тадбирларидан кўзланган мақсад Қурбон ҳайити байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш баробарида атроф-муҳитни озода сақлаш ва экологик вазиятнинг янада яхшиланишига ҳисса қўшишдан иборат.
Шу ўринда, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги жисмоний ва юридик шахслардан чиқиндилар билан боғлиқ ишларда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни, белгиланмаган жойларга чиқинди ташламасликни сўрамоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай экологик ҳуқуқбузарлик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу йилнинг 25 майидан старт берилган мазкур тозалик тадбирлари 4 июнга қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА