Қозоғистон 2027-йилда Россия электр энергиясидан воз кечади (+видео)
Жаҳонда бир қатор муҳим воқеалар бир вақтнинг ўзида кескин геосиёсий ва ижтимоий ўзгаришларни намоён этмоқда: Сурияда хавфсизлик операциялари давомида жангчилар қўлга олинди, Бразилияда 13 ёшли ўқувчи мактабда отишма содир этди, Эрон Ҳурмуз бўғози орқали денгиз қатнови қоидаларини кучайтирди, Москва атрофида эса ҳаво мудофаа тизимлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Шу билан бирга, Ғазода вайроналар остида минглаб қурбонлар қолиб кетгани маълум қилинса, Туркия узоқ масофали янги ракета тизимини намойиш этди ва Қозоғистон 2027 йилдан Россия электр энергиясидан воз кечиш режасини эълон қилди — бу эса глобал сиёсий, ҳарбий ва энергетик тизимларда янги босқич бошланаётганини кўрсатмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/t_tKG5Xf73k" title="Qozog`iston 2027-yilda Rossiya elektr energiyasidan voz kechadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Сурияда бир гуруҳ жангчилар қўлга олинди
Сурия шимоли-ғарбида ўтказилган хавфсизлик операцияси давомида бир гуруҳ жангчилар қўлга олинди. Маълумотларга кўра, Идлибда отишмада айбланган шахс ҳибсга олинганидан сўнг, қуролланган гуруҳ уни озод этишни талаб қилиб норозилик билдирган. Намойишлар хавфсизлик идоралари бинолари олдида ҳам кузатилган, кейинчалик Кафрия ва ал-Фуа ҳудудларида бир қатор шахслар қўлга олинган.
Ҳодиса ортидан ҳудудга қўшимча кучлар жойлаштирилган. Бу Идлибда сўнгги ойларда ҳукумат кучлари ва хорижий жангчилар ўртасидаги иккинчи кескинлашув сифатида баҳоланмоқда.
Бразилияда 13 ёшли ўсмир мактабда отишма уюштирди
Бразилиянинг Рио-Бранко шаҳрида 13 ёшли ўсмир мактаб ҳудудида отишма содир этиб, икки нафар ходимни ўлдирди. Ҳужум давомида яна бир неча киши, жумладан 11 ёшли қиз жароҳат олди. Ўсмир 380 калибрли тўппончадан фойдаланган ва воқеадан сўнг полицияга таслим бўлган.
Қуролга эгалик қилган ўгай ота ҳибсга олинган, ҳодисага алоқадор бўлиши мумкин бўлган шахслар текширилмоқда. Воқеа вақтида мактабда ваҳима юзага келиб, ўқувчилар қочишга уринган.
Эрон Ҳурмуз бўғози тартибини ўзгартирди
Эрон Ҳурмуз бўғози орқали ўтувчи кемалар учун янги тартиб жорий қилди. Энди кемалар аввал Эрон расмийларини хабардор қилиб, кейин белгиланган қоидаларга мувофиқ транзит рухсатномасини олиши шарт бўлади.
Бу қарор дунё нефтининг катта қисми ўтадиган стратегик ҳудудда назоратни кучайтириш билан изоҳланмоқда. Сўнгги ойларда минтақада АҚШ ва Исроил билан боғлиқ кескинлик ортиб бормоқда.
Москвода 40 дан ортиқ ҳаво мудофаа тизими ўрнатилди
Россия пойтахти Москва атрофида 40 дан ортиқ янги ҳаво ҳужумини мудофаа тизими жойлаштирилди. Сунъий йўлдош маълумотларига кўра, “Панцир-С1” тизимлари асосида 43 та янги позиция барпо этилган.
Тизимлар шаҳар атрофидаги стратегик йўллар ва ҳудудларда жойлаштирилмоқда. Бу чоралар дрон ҳужумлари хавфи ортгани фонида хавфсизликни кучайтиришга қаратилган.
Ғазо вайроналари остида 8 мингдан ортиқ жасад қолмоқда
Ғазода икки йиллик урушдан сўнг вайроналарни тозалаш жараёни жуда секин кечмоқда. БМТ маълумотларига кўра, харобалар остида ҳали ҳам 8 мингдан ортиқ жасад қолиб кетган.
Ҳудудда вайроналарни тозалаш учун етарли техника йўқлиги сабаб ишлар секинлашган. Уруш оқибатида 72 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, инфратузилманинг катта қисми вайрон бўлган.
Туркия илк қитъалараро баллистик ракетасини намойиш этди
Туркия SAHA 2026 кўргазмасида ўзининг илк қитъалараро баллистик ракетаси — “Йилдиримхан”ни тақдим этди. Ракета 6 минг километргача учиш масофаси ва Max 25 тезликка эга экани билан ажралиб туради.
Тизим суюқ ёқилғида ишлайди ва бир нечта двигатель билан жиҳозланган. Бу Туркия мудофаа саноатининг янги босқичга чиқаётганини кўрсатмоқда.
Қозоғистон 2027 йилда Россия электр энергиясидан воз кечади
Қозоғистон 2027 йилдан бошлаб Россиядан электр энергияси импортни тўхтатишни режалаштирмоқда. Расмийларга кўра, янги электр станциялари ишга туширилгач, ички ишлаб чиқариш талабни тўлиқ қоплаши мумкин бўлади.
Мамлакатда электр истеъмоли ишлаб чиқаришдан юқори бўлиб келмоқда. Шу билан бирга, энергетика тизимини кенгайтириш ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Нозимбек Мардонов, ЎзА