Қораўзаклик ёшлар билан учрашув
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Қораўзак туманидаги бир қатор ишсиз ва оталиққа олинган ёшлар билан учрашув ўтказди.
Бугунги кунда мунтазам амалга оширилаётган ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” ташаббуси юртимизда ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги, самарали ва манзилли тизимини шакллантирмоқда. Ушбу ташаббус ёшларнинг нафақат муаммоларини тинглаш, балки уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, салоҳиятини тўла намоён этиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Дарҳақиқат, юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Учрашувда бу борада ёшларга яратилаётган имкониятлар, улардан самарали фойдаланиб, турли йўналишларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида ёшлар ҳам ўзларини қизиқтираётган масалалар, амалда учраётган муаммолар ҳамда илгари сурилаётган таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Хусусан, тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, касб-ҳунар ўрганиш ва таълим соҳасига оид масалалар кўтарилди.

Энг муҳими, ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир масала Жўқорғи Кенгес раисининг шахсий назоратига олиниб, соҳа мутасаддиларига уларни қисқа муддатларда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири