Қўқон давлат университетида “Ҳосил байрами” кўтаринки руҳда бўлиб ўтди
Куз — нафақат йилнинг энг гўзал ва маромли фасли, балки пешана тери эвазига етиштирилган замин саховатининг сарҳисоби, шукроналик ва тўкин-сочинлик айёмидир. Қўқон давлат университетининг Табиий фанлар ва иқтисодиёт факультетида ўтказилган анъанавий “Ҳосил байрами” тадбири ҳам айнан ушбу файзли фаслнинг ҳақиқий тароватини намоён этди.
Тадбир ўтказиладиган майдон эрталабданоқ ўзгача шукуҳга бурканди. Факультет ҳовлиси заминимизда етиштирилган полиз экинлари, сархил мева-сабзавотлар ҳамда ранг-баранг куз неъматларидан тайёрланган композициялар билан безатилди. Ҳар бир йўналиш талабалари ўз соҳасига хос ижодкорлик ва билимдонликни намойиш этган ҳолда, стендларни миллий услубда, ўзгача меҳр ва маҳорат билан шакллантиришди.


Кўргазмада нафақат замин неъматларининг тўкинлиги, балки талабаларнинг юксак тасаввур кучи ва жамоавий аҳиллиги ҳам бўй кўрсатди. Биологларнинг табиат ва ҳаёт уйғунлигини акс эттирган композицияларидан тортиб, кимёгарларнинг ўзгача ёндашуви, географларнинг ер ресурслари бойлигини намойиш этиши ҳамда менежерларнинг тақдимот маҳорати барчада катта қизиқиш уйғотди.
Ҳакамлар ҳайъати учун ғолибларни аниқлаш осон бўлмади. Чунки ҳар бир жамоа тақдимотига алоҳида тайёргарлик кўрган, ҳар бир кўргазма ўзига хос ғоя ва безакка эга эди. Иштирокчиларнинг билими, кўргазманинг креативлиги ҳамда тақдимот маҳорати атрофлича баҳоланди.


Якуний натижаларга кўра, 3-ўрин — бир йўла икки жамоага: билимдон ва чаққон Менежмент ҳамда География йўналишлари талабаларига насиб этди. 2-ўрин — ўзининг бетакрор кўргазмаси ва пухта тайёргарлиги билан ажралиб турган Кимё йўналиши жамоасига берилди. 1-ўрин — энг юқори балл тўплаб, табиат неъматларини юксак маҳорат билан намойиш этган Биология йўналиши талабаларига насиб этди ва улар мутлақ ғолиб деб топилди!


Талабалик ғайрат-шижоати, меҳнатсеварлик ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу “Ҳосил байрами” барчага бирдек кўтаринки кайфият, унутилмас таассуротлар ва янги муваффақиятлар учун куч бағишлади. Қизғин ва файзли байрам шукуҳи эса Қўқон давлат университетининг бошқа факультетлари бўйлаб давом этади.


ЎзА