Қонун устуворлиги ва очиқ мулоқот – тадбиркорликнинг ишончли кафолати
Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда давлат органлари билан бизнес ўртасида очиқ ва ишончли мулоқотни йўлга қўйиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу жараёнда божхона органлари томонидан тадбиркорларнинг мурожаатларини қонунчилик талаблари асосида тезкор, холис ва шаффоф кўриб чиқиш амалиёти муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир мурожаатга ҳуқуқий асосда ёндашиш, унинг моҳиятини чуқур ўрганиш ва адолатли ечим топиш эса давлат хизматларининг сифати ҳамда тадбиркорлар ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ана шундай мурожаатлардан бири Бухоро вилоятида фаолият юритаётган “Knauf Gips Buxoro” МЧЖ томонидан Бухоро вилояти божхона бошқармасига йўлланди. Корхона Германия, Қозоғистон ва Туркия давлатларидан импорт қилинган “12В4000ГС электр генератор қурилмаси” билан биргаликда олиб келинган трансформатор подстанцияси ҳамда ҳар қандай об-ҳаво шароитига мўлжалланган ҳимоя қопламасига нисбатан амалдаги божхона имтиёзларини қўллаш масаласида ҳуқуқий тушунтириш сўради.

Мурожаатни ҳар томонлама, холис ва қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқиш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари ҳамда товарларни классификациялаш бўйича мутахассислар корхона омборига чиққан ҳолда товарларни батафсил ўрганишди. Ўрганиш жараёнида маҳсулотларнинг техник хусусиятлари, функционал вазифаси, таркибий қисмлари ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) бўйича таснифи амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида атрофлича таҳлил қилинди.
Шундан сўнг Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов иштирокида корхона раҳбарияти билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда тадбиркор томонидан билдирилган саволларга қонунчилик нормаларига таянилган ҳолда аниқ ва батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жумладан, электр генератор қурилмалари учун қонунчиликда белгиланган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, уларни қўллаш шартлари ва ҳуқуқий асослари изоҳлаб берилди. Шу билан бирга, генератор билан бир вақтда импорт қилинган трансформатор подстанцияси ҳамда ҳар қандай об-ҳаво шароитига мўлжалланган ҳимоя қопламаси мустақил товар сифатида таснифланиши, шу сабабли улар мазкур имтиёзлар доирасига кирмаслиги ва ушбу товарлар бўйича божхона тўловлари белгиланган тартибда ундирилиши лозимлиги ҳуқуқий далиллар билан асослаб берилди.
Учрашув давомида тадбиркорнинг барча саволларига атрофлича жавоб қайтарилиб, амалдаги қонунчиликнинг мазмун-моҳияти, товарларни тўғри таснифлашнинг аҳамияти ва божхона расмийлаштирувида ҳуқуқий талабларга қатъий риоя этиш зарурлиги юзасидан ҳам амалий тавсиялар берилди.

Энг муҳими, мазкур мурожаат кабинетда эмас, балки товарларнинг ўзи жойлашган ҳудудда амалий ўрганиш, очиқ мулоқот ва ҳуқуқий таҳлил асосида ҳал этилди. Бу эса божхона органлари фаолиятида шаффофлик, қонунийлик ва адолат тамойиллари устувор эканининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Тадбиркорлар билан конструктив мулоқот, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали Бухоро вилояти божхона бошқармаси инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ишончли ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларини изчил давом эттирмоқда. Бу эса мамлакатимизда очиқ, шаффоф ва замонавий божхона тизимини барпо этишга хизмат қилаётган муҳим омиллардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири