Қўмондон “Жасорат мактаби”да ёшлар билан учрашди
Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округининг “Термиз” умумқўшин дала полигонида ташкил этилган 10 кунлик “Жасорат мактаби” ўқув йиғини доирасида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Учрашувда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Мирсаид Шукуров ёшлар билан гулхан атрофида суҳбатлашди.
“Жасорат мактаби” ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, уларнинг ҳарбий соҳага қизиқишини оширишга, лидерлик қобилиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган махсус ўқув йиғини бўлиб, уларнинг жисмоний маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Самимий мулоқот чоғида бундай ўқув йиғинлари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиб, уларда жамоавийлик, интизом ва масъулият ҳиссини шакллантиришга кўмаклашаётгани алоҳида таъкидланди. Ўқув йиғини қатнашчиларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Уларни қизиқтираётган масалалар эшитилди. Ҳарбий хизмат, Ватанга садоқат, ёшларнинг келажакдаги мақсадлари ва мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр алмашилди. Ўқув йиғинида фаол иштирок этган, турли спорт мусобақалари ва маънавий-маърифий тадбирларда юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ёшлар қўмондонликнинг фахрий ёрлиқлари, китоб жамланмалари ва бошқа эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Учрашув якунида Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри санъаткорларининг Амир Темур ҳаёти ва жасоратини акс эттирувчи саҳна чиқишлари намойиш этилди. Ҳарбий бахшилар ижросида достонлардан парчалар ва термалар ижро этилди. Термиз гарнизони ҳарбий оркестри ва санъаткорларнинг Она Ватан, тинч, обод турмуш, жасорат, садоқат ва юртга муҳаббат мадҳ этилган куй-қўшиқлари барчага байрамона кайфият улашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири