Ғаллачилик ва уруғчилик соҳасида халқаро ҳамкорлик
Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари бошчилигидаги делегация айни кунларда Россия Федерациясининг Краснодар шаҳрида хизмат сафари билан бўлиб турибди.
Сафар доирасида П.П.Лукяненко номидаги Миллий дон марказида ғаллачилик соҳасини ривожлантириш, селекция ва уруғчилик тизимини такомиллаштириш, юқори ҳосилдор ҳамда иқлим шароитига мос янги буғдой навларини ишлаб чиқаришга жорий этиш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Семинар давомида марказнинг етакчи олимлари ва мутахассислари томонидан сўнгги йилларда яратилган истиқболли буғдой навлари, уларнинг агробиологик хусусиятлари, ҳосилдорлик кўрсаткичлари ҳамда замонавий уруғчилик технологиялари юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан ғаллачилик тармоғига илғор илмий ютуқларни жорий этиш, соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Тадбир доирасида Тошкент вилояти эҳтиёжлари учун юқори репродукцияли, ҳосилдор буғдой навлари уруғлигини етказиб бериш бўйича умумий ҳажми 2,5 минг тоннани ташкил этувчи шартномаларни имзолаш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, делегация аъзолари Миллий дон марказининг илмий салоҳияти, селекция ишлари, уруғчилик тизими ҳамда дончилик соҳасида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан яқиндан танишди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар давом этмоқда.
А.Мусаев.ЎзА