Қалбаки энергетик ичимликлар сотилишининг олди олинди
Андижон вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қалбаки энергетик ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган яширин цех фош этилди.
Тезкор тадбир давомида Андижон туманидаги омборлардан бирида 346 минг донадан зиёд энергетик салқин ичимлигини қадоқлашга мўлжалланган алюмин идишлар ҳамда улар учун 578 минг донадан зиёд қопқоқлар мавжудлиги аниқланди.

Шунингдек, Андижон шаҳрида жойлашган яна бир манзилда ноқонуний ва яширин равишда мазкур идишларга ичимликни қуйиш ва қадоқлаш жараёни йўлга қўйилганлиги маълум бўлди.

Мазкур цехда энергетик ва салқин ичимликлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар, қадоқлаш воситалари ҳамда маҳсулот таркибини шакллантирувчи турли кимёвий моддалар сақланаётганлиги ҳам аниқланди.

Ўрганишлар давомида яширин цехда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ташқи кўриниши асл маҳсулотлардан деярли фарқ қилмаслиги маълум бўлди. Қадоқланиши, дизайни ва ҳатто стандарт белгилари ҳам сохталаштирилган бўлиб, оддий истеъмолчи уларни ажратиши ниҳоятда мушкул.

Тезкор тадбир давомида умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қарийб 5 миллиард сўмга тенг сифатсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қалбаки маҳсулотларнинг савдо расталарига чиқишининг олди олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.