Қишки мавсум олдидан: электр тизими барқарор ишлаши учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Қишнинг совуқ кунларида электр энергиясига бўлган эҳтиёж одатдагидан сезиларли даражада ортади. Хонадонларда иситиш воситалари, корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнлари, ижтимоий объектлардаги кундалик фаолият, буларнинг барчаси электр таъминотининг барқарорлигига бевосита боғлиқ. Шу маънода куз-қиш мавсумига тайёргарликни оддий таъмирлаш ишлари эмас, балки аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг узлуксиз фаолиятини таъминлашга қаратилган комплекс жараён сифатида баҳолаш мумкин.
Қашқадарё вилоятида 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳам ана шу вазифанинг кўламини кўрсатади.
Бугун Қашқадарёда 825 мингдан ортиқ истеъмолчи электр энергиясидан фойдаланмоқда. Шундан 64 мингдан ортиғи юридик шахслар, 761 мингдан зиёди аҳоли истеъмолчиларидир.
Уларга электр энергияси 204 та подстанция, 12 минг 139 та трансформатор пункти ва 32,3 минг километрлик электр узатиш тармоқлари орқали етказиб берилмоқда.

Бу рақамлар ортида қанчалик катта инфратузилма ва масъулият борлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Вилоятдаги электр тармоқларининг 14 минг 429,7 километри 0,4 кВ, 12 минг 754,3 километри 6-10 кВ ҳамда 5 минг 248 километри 35-500 кВ кучланишли тармоқлардан иборат.
Айни пайтда вилоятда электр энергиясининг кунлик ўртача истеъмоли 21,3 миллион киловатт-соатга, соатлик юклама эса 882 мегаваттга етмоқда. 2026 йилнинг январь-август ойларида истеъмолчиларга 3 миллиард 401,5 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган. Бунинг 943 миллион киловатт-соати, яъни 28 фоизи аҳоли истеъмоли ҳиссасига тўғри келган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё ҳудудий филиали директори Азамат Шараповнинг таъкидлашича, истеъмол ҳажмининг ортиши, айниқса, куз-қиш мавсумида тармоқлар зиммасига қўшимча юклама ҳисобланади. Шу боис мавсумга тайёргарликда асосий эътибор тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва мавжуд қувватларни оширишга қаратилган.
Мавсумга тайёргарлик жараёнида 3 минг 112,2 километр электр узатиш тармоғи ва 1 минг 65 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

Бу рақамни фақат бажарилган иш ҳажми сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Зеро, ҳар бир километр тармоқ ортида электр таъминотидаги эҳтимолий носозликларнинг олдини олиш, юкламани меъёрда ушлаб туриш ва истеъмолчига етказиб берилаётган энергия сифатини яхшилаш вазифаси турибди.
Азамат Шараповнинг айтишича, мавсумга тайёргарлик фақат мавжуд тармоқларни таъмирлаш билан чекланмаган. Давлат дастурлари доирасида 580 километр янги электр узатиш тармоғи қурилиб, 150 та янги трансформатор ўрнатилган. Шунингдек, 22 та подстанциянинг қуввати оширилган.

Яъни бугунги мавсумга тайёргарлик билан бирга, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг келгусидаги ўсиши ҳам ҳисобга олинмоқда.
Бу жиҳат, айниқса, муҳим. Чунки аҳоли сони, янги уй-жойлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш объектлари кўпайган сари электр энергиясига талаб ҳам муттасил ортиб боради. Демак, энергетика тизими фақат мавжуд эҳтиёжни қоплаб қолмай, эртанги талабга ҳам тайёр туриши керак.
Куз-қиш мавсумида об-ҳавонинг ноқулай келиши, тармоқларга тушадиган юклама ортиши ёки техник носозликлар турли авариявий ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

Бундай вазиятларда муаммони тез бартараф этиш кўп жиҳатдан зарур эҳтиёт қисмлари ва материалларнинг олдиндан тайёрлаб қўйилганига боғлиқ.
Шу мақсадда вилоятда 32 та турли қувватдаги трансформатор, 32,8 тонна мой, 1 тонна сим, 2,5 километр кабель ва зарур коммутация қурилмаларидан иборат авариявий захира шакллантирилган.
Филиал раҳбари Азамат Шараповнинг таъкидлашича, бундай захирани шакллантиришдан асосий мақсад носозлик юзага келган тақдирда зарур материални излаб вақт йўқотмасдан, таъмирлаш ишларини зудлик билан бошлаш ва истеъмолчиларга электр таъминотини имкон қадар қисқа вақтда тиклаш.

Демак, электр таъминотида барқарорлик фақат авария содир бўлмаслиги билан эмас, балки авария юз берган тақдирда унга қанчалик тез ва самарали жавоб қайтариш имконияти билан ҳам белгиланади.
Электр тармоқларини таъмирлаш, трансформаторларни назорат қилиш ёки подстанциялар қувватини ошириш қанчалик муҳим бўлмасин, тизимнинг ишончли фаолиятини таъминлайдиган асосий омиллардан бири малакали мутахассислар.
Куз-қиш мавсумида вилоят ҳудудларида хизмат кўрсатиш учун 91 та таъмирлаш бригадаси шай ҳолатга келтирилган. Уларга 612 нафар масъул ходим, 17 та махсус техника ва 53 та автомашина бириктирилган.
Бу эса тармоқлардаги ҳар қандай носозликни аниқлаш, авариявий ҳолатга тезкор етиб бориш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш учун зарур имконият яратилганини англатади.

Бироқ тезкорлик фақат техника ва транспортнинг мавжудлиги билан таъминланмайди. Авариявий вазиятда ҳар бир ходимнинг ўз вазифасини аниқ билиши, бригада аъзоларининг бир-бири билан ҳамжиҳат ҳаракат қилиши ҳам муҳим.
Шу боис мавсумга тайёргарлик доирасида масъул ходимлар ва таъмирлаш бригадалари иштирокида амалий ўқув машғулотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Авариявий вазиятда қарор қабул қилиш учун вақт чекланган бўлади. Шунинг учун ҳар бир ходим ўз вазифасини аниқ билиши, техник воситалардан самарали фойдалана олиши ва жамоа билан биргаликда тезкор ҳаракат қилиши керак, – дейди Азамат Шарапов.

Бунинг ўзи ҳам мавсумга тайёргарлик тушунчаси фақат қоғоздаги режа ёки бажарилган таъмирлаш ишларидан иборат эмаслигини кўрсатади.
Умуман, Қашқадарё вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилган ишларга назар ташласак, бир жиҳат яққол кўринади: электр таъминотида барқарорликни таъминлаш айни мавсумга мўлжалланган вазифа эмас.
Бу тармоқларни мунтазам таъмирлаш, эски инфратузилмани босқичма-босқич янгилаш, янги тармоқ ва трансформаторлар қуриш, подстанциялар қувватини ошириш, авариявий захираларни шакллантириш ва малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб қиладиган узлуксиз жараён.
Бугун таъмирланган 3 минг километрдан ортиқ тармоқ, ўрнатилган 150 та янги трансформатор ва қуввати оширилган 22 та подстанцияни ҳам шу нуқтаи назардан баҳолаш лозим. Зеро, ҳар бир янгиланган тармоқ келгуси юкламага тайёргарлик, ҳар бир янги трансформатор қувват барқарорлиги, ҳар бир тайёр турган бригада эса авариявий ҳолатда вақтни тежаш имкониятидир.
– Барқарор электр таъминоти бир кунлик ёки бир мавсумлик вазифа эмас. Бунинг учун тармоқларни мунтазам янгилаб бориш, эҳтиёт захираларини шакллантириш ва ҳар қандай вазиятга тайёр мутахассислар жамоасини сақлаш зарур, – дейди филиал директори.
Қишнинг совуғи табиатнинг оддий синови бўлиши мумкин. Аммо унинг ортидан электр таъминотидаги узилишлар келмаслиги кўп жиҳатдан бугун кўрилаётган чораларга боғлиқ.
Шу маънода Қашқадарё энергетика тизимидаги мавсумга тайёргарликни фақат қишни кутиб олишга тайёргарлик эмас, балки аҳоли ва иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун зарур энергетик пойдеворни мустаҳкамлаш жараёни сифатида баҳолаш мумкин.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири