Қишда электр узилишларининг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда
Сирдарё вилоятида 2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида 996,2 километр электр тармоғи ва 367 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Шунингдек, 1 минг 775 километр электр тармоғи ҳамда 782 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали маълум қилди.
Мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 30 та тезкор чиқиш бригадаси ташкил қилиниб, уларга 140 нафар ходим бириктирилди. Бригадалар 31 та автомашина ва 14 та махсус техника билан таъминланди. Шунингдек, эҳтимолий носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш учун зарур электр жиҳозлари, асбоб-ускуналар ва материаллар захираси яратилди.

Тайёргарлик ишлари доирасида 0,4–10 кВ кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларининг техник ҳолатини яхшилаш, ускуналар ишончлилигини ошириш ҳамда электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Муҳими, қишнинг совуқ кунларида ҳар бир хонадонда чироқлар барқарор ёниб туриши, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари электр таъминотида узилишларга дуч келмаслиги учун барча зарур чораларни кўрмоқдамиз. Асосий мақсадимиз — истеъмолчиларни ишончли электр энергияси билан таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, — деди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Ишлаб чиқариш-техника хизмати бўлими бошлиғи Эркин Маҳмудов.

Айни пайтда вилоятда электр таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, мавжуд электр тармоқлари таъмирланиб, реконструкция қилинмоқда, қуввати етарли бўлмаган трансформаторлар замонавий, юқори қувватли ускуналарга алмаштирилмоқда. Шунингдек, эскирган ёғоч электр устунлари ўрнига мустаҳкам темир-бетон устунлар ўрнатилиб, тармоқларнинг ишончлилиги ва барқарорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу ишларга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали билан бир қаторда, унинг шаҳар ва туман бўлимлари мутахассислари ҳамда авария-тиклаш бригадалари ҳам жалб этилган. Улар томонидан тармоқлардаги носозликларни бартараф этиш, эскирган ускуналарни янгилаш ва электр таъминоти тизимини мавсумий юкламаларга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, ҳаво ҳарорати кескин пасайган кунларда юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олиш ҳамда эҳтимолий авария ҳолатларини тезкор бартараф этишга қаратилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири