Оториноларингология ва бош-бўйин жарроҳлигида сунъий интеллект ва фанлараро ёндашув
Рақамли технологиялар шиддат билан кириб бораётган даврда тиббиёт соҳаси ҳам тубдан ўзгармоқда. Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтган “Оториноларингология ва бош-бўйин жарроҳлигида сунъий интеллект ва фанлараро ёндашув” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда ана шулар кенг муҳокама қилинди.
Бугунги кунда тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда даволаш жараёнларини автоматлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани бежиз эмас. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида қабул қилинган дастурлар амалда ўз самарасини бераётганини мазкур анжуман мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Анжуманнинг асосини инсон омили хатоларини минималлаштириш ва диагностикани юқори аниқликка чиқаришда сунъий интеллект (СИ) имкониятларидан фойдаланиш масаласи ташкил этди.

Таъкидланганидек, отология, ринология, фониатрия ва сурдология каби тор йўналишларда сунъий интеллект алгоритмларининг қўлланилиши шифокорларга энг мураккаб патологияларни ҳам тезкор ва аниқ ташхислаш имконини бермоқда.
Замонавий тиббиётни биргина соҳа доирасида тасаввур қилиб бўлмайди. Бош ва бўйин касалликлари диагностикаси жағ-юз жарроҳлиги, эндокринология, онкология, неврология, косметология ва ҳатто пластик жарроҳлик каби кўплаб соҳалар билан узвий боғлиқ.

– Фанлараро ёндашув (interdisciplinarity) принципига асосланган мазкур анжуман ана шу чегараларни йўқ қилиб, мутахассисларнинг ўзаро интеграциясини таъминлади, – деди Тошкент давлат тиббиёт университети ректори, профессор Шуҳрат Боймуродов. – Жадал ривожланиб бораётган замонавий тиббиёт таълим тизимидан ҳам катта тезкорликни ва янгича ёндашувларни талаб этаётган бир даврда анжуман талабаларимиз ва тадқиқотчилар учун ҳам маҳорат мактаби бўлди. Оториноларингология ва бош-бўйин жарроҳлигида сунъий интеллект каби илғор йўналишларни ўқув жараёнларига интеграция қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Университетимиз ва етакчи илмий-амалий марказлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик келажакда нафақат назарий билим берадиган, балки сунъий интеллект алгоритмлари ва юқори технологияли ускуналар билан мустақил ишлай оладиган рақобатбардош кадрларни тайёрлашга кенг йўл очади. Франция, Туркия, Россия ва бошқа хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари билан йўлга қўйилаётган алоқалар ва талабалар алмашинуви таълим сифатини янги босқичга кўтаради.

Анжуманда Франция, Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларнинг етакчи олимлари, шунингдек, юртимизнинг барча ҳудудларидан малакали мутахассислар иштирок этди. Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди ва қўшма кадрлар тайёрлаш режалари тузилди. Шунингдек, замонавий тиббий асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари ва илғор тиббий адабиётлар кўргазмаси мутахассислар учун амалий кўникмаларни бойитиш майдони бўлиб хизмат қилди.

Тадбир дастурига кўра, маҳорат дарслари ва клиник муҳокамалар ташкил этилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА