Қидирувдаги ота топилди
Фарзанд таъминотидан бўйин товлаб, давлат ижрочисидан яшириниб юрган қарздор ота қидирув тадбирлари натижасида топилди.
Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатига кўра, фуқаро Д.О.дан вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Бироқ у қонунчиликда белгиланган мажбуриятини бажаришдан бош тортиб, алимент тўловларини амалга оширмаган ва давлат ижрочисидан яшириниб юрган.
Шу сабабли қарздор отага нисбатан белгиланган тартибда қидирув эълон қилинди. Олиб борилган қидирув тадбирлари самарасида у аниқланиб, давлат ижрочисига топширилди.
— Эътиборлиси, алимент масаласи оддий қарз муносабати эмас. Унинг ортида фарзанднинг кундалик эҳтиёжлари, таълим-тарбияси, соғлом ва муносиб ҳаёт кечириш масалалари турибди. Шу боис ота-онанинг фарзанди таъминотидан бўйин товлаши нафақат қонуний, балки маънавий жиҳатдан ҳам жиддий масъулиятни келтириб чиқаради, — дейди Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармаси қидирув бўлими инспектори Шавкат Саркаев.
Қарздорликни бартараф этишдан қочиш эса муаммони ҳал қилмайди. Аксинча, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилишига сабаб бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири