Ўзганинг мулкини ўзлаштириш қимматга тушди
Ўзганинг мулкига қўл чўзиш бир қарашда осон йўлдек кўриниши мумкин. Аммо қонунбузарлик ортидан келадиган жазо ва молиявий мажбуриятлар бу “осон йўл”ни жуда қимматга тушириши мумкин. Сирдарё вилоятидаги мазкур ҳолатда ҳам бир фуқаронинг қонунга хилоф ҳаракати унга 103,7 миллион сўмлик жарима ва қўшимча ижро йиғимига сабаб бўлди.
Фуқаро С.А. ўзганинг мулкини ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятни содир этгани учун жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман судининг 2025 йил 26 ноябрдаги ҳукми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 103 миллион 700 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Мазкур суд ҳукмини ижро этиш Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими давлат ижрочилари зиммасига юклатилди.
Бироқ қарздор суд томонидан тайинланган жаримани белгиланган ихтиёрий муддатда тўламади. Шу муносабат билан давлат ижрочилари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздорга тегишли мол-мулклар хатланди ва ундирувни уларга қаратиш чоралари кўрилди.
Кўрилган чоралар натижасида С.А.дан суд ҳукмида белгиланган жарима сўммаси, шунингдек, суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро этиш муносабати билан ижро йиғими ҳам ундирилди.
Шу тариқа, жами 108 миллион 885 минг сўм маблағ ундирилиб, суд ҳукмининг ижроси таъминланди.
— Мазкур ҳолат суд ҳужжатларини ўз вақтида ва ихтиёрий равишда ижро этиш муҳимлигини яна бир бор кўрсатади. Суд томонидан тайинланган жазони белгиланган муддатда ижро этмаслик қарздор учун қўшимча мажбуриятларни келтириб чиқаради. Хусусан, асосий жаримадан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда ижро йиғими ундирилиши, қарздорнинг мол-мулки хатланиши ва бошқа мажбурий ижро чоралари қўлланилиши мумкин.
Энг муҳими, ҳар қандай қонунбузарликнинг оқибати муқаррар жазо билан якунланади.. Ўзганинг мулкига тажовуз қилиш нафақат жиноий жавобгарликка, балки жиддий молиявий йўқотишларга ҳам сабаб бўлади, — дейди Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими бошлиғи Умид Мамарасулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири