Қатар халқаро олмос биржасини ишга туширди
Қатар пойтахти Доҳада халқаро олмос савдосини ривожлантиришга қаратилган “Qatar Diamond Exchange” фаолияти йўлга қўйилди. Таъкидланишича, янги савдо майдончаси хомашё ва сайқалланган олмосларни сотиш, сақлаш ҳамда сертификатлаш хизматларини бир жойда жамлайди. Лойиҳа орқали мамлакатнинг жаҳон олмос бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Янги тизим “Ras Bufontas” эркин иқтисодий ҳудудида ташкил этилган. Бу ерда савдо операциялари, божхона расмийлаштируви, хавфсиз сақлаш омборлари ва баҳолаш хизматлари ягона тартиб асосида йўлга қўйилади. Шунингдек, соҳага ихтисослашган суғурта хизматлари ҳам таклиф этилади. Бу эса халқаро компаниялар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратади.
Биржа “Kimberley Process” халқаро сертификатлаш тизими талаблари асосида ишлайди. Янги биржага олмос савдоси билан шуғулланувчи компаниялар, ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар ва соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар аъзо бўлиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА