Қашқадарёлик спортчилар Осиё ўйинларида 7 та медални қўлга киритди
Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида 24 сентябрь – 4 октябрь кунлари ўтказилган XX Осиё ўйинларида Қашқадарёлик спортчилар мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 7 та медални қўлга киритди. Бу ҳақда вилоят спорт бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Мусобақаларда вилоят вакиллари енгил атлетика, кураш, академик эшкак эшиш, эркин кураш ва дзюдо спорт турларида совриндорлар сафидан жой олди.
Жумладан, енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналишида Барнохон Сайфуллаева, кураш бўйича Шоҳруҳхон Бахтиёров олтин медалга сазовор бўлди.
Академик эшкак эшиш баҳсларида Райҳон Сатторова, эркин кураш бўйича 97 килограмм вазн тоифасида Шерзод Поёнов кумуш медални қўлга киритди.
Дзюдо баҳсларида эса Самариддин Қўчқоров (-60 кг) ва Нурбек Муртозайев (-90 кг, жамоавий баҳслар), Арслон Тожиев (-81 кг, жамоавий баҳслар) бронза медаллари билан тақдирланди.
Шу тариқа, Қашқадарёлик спортчилар ҳисобида 2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза – яъни 7 та медаль жамланди.
Бу натижа вилоятда спортчиларни тайёрлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиши учун яратилаётган имкониятлар самарасини яна бир бор намоён этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири