Қорабайирлар жиловидаги миллий мерос
Отларнинг кишнаши, чавандозларнинг шиддатли ҳаракати, миллий либослар жилоси ва майдонни тўлдирган томошабинлар... Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидаги Қорабайир отчилик мажмуасидаги бу манзара оддий кўргазмадан кўра катта бир байрамни эслатади. Бу ерда “Ўзбекистон отлари” кўргазмаси ўтказилди.
Майдонда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган чавандозлар мактаблари ва Қорабайир отчилик мажмуасида парваришланаётган энг сара отлар саф тортган. Қорабайир, ахалтеке, ганновер ва бошқа зотдаги отлар бирин-кетин намойишдан ўтар экан, уларнинг ҳар бири ҳақида мутахассислар томонидан маълумот бериб борилди.
Бирининг қомати, бирининг юриши, яна бирининг мусобақалардаги ютуқлари ҳақида сўз кетади. Аслида, ҳар бир отнинг ортида катта меҳнат, парвариш ва чавандозлик маҳорати бор.
– Тадбирда республикадаги чавандозлар мактаблари ва Қорабайир отчилик мажмуасининг энг яхши отлари жамланди. Кўргазманинг асосий мақсади ўзбек отларининг довруғини кенг ёйиш, миллий отчилик анъаналарини тарғиб қилиш, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Марказий девони катта офицери, подполковник Самандар Норбўтаев.
Кўргазма анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани бежиз эмас. Чунки ўзбек халқи ҳаётида отнинг ўрни жуда қадимий ва серқирра. От – йўлдош, куч-қувват тимсоли, чавандозлик мактабининг асоси. Бугун эса бу анъана спорт, маданият ва туризм билан уйғунлашиб, янги мазмун касб этмоқда.
Майдонда отлар паради бошланди.
Чавандозлар отларини маҳорат билан бошқариб, белгиланган ҳаракатларни намойиш этади. Бироздан сўнг майдондаги томоша янада қизийди. Поло, конкур, улоқ-кўпкари каби от спорти турлари бўйича кўргазмали чиқишлар бошланади.
Айниқса, кавалерия эскадрони чавандозларининг жигитовкаси томошабинларнинг олқишига сабаб бўлди. От устида бажарилаётган мураккаб акробатик ҳаракатлар чавандоздан нафақат жасорат, балки юксак маҳорат ва от билан уйғунликни талаб қилади.
Бу манзараларни четда туриб кузатаётган хорижлик меҳмонларнинг қизиқиши ҳам сезилади. Улар учун бу ердаги томоша Ўзбекистоннинг миллий маданияти билан танишишнинг ўзига хос имконияти бўлди. Уларнинг эътиборини нафақат отлар, балки миллий либосдаги чавандозлар, фольклор жамоаларининг чиқишлари, ҳунармандчилик буюмлари ва тарихий экспонатлар ҳам тортди.
[gallery-31800]
Кўргазмага мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам ташриф буюрган. Болалар эса майдондаги ҳар бир ҳаракатни қизиқиш билан кузатиб, отларни яқиндан кўришга интилади.
Шу пайт майдонда яна бир ёш чавандозга кўзимиз тушади. Унинг ҳамроҳи – “Кўкбулут” лақабли от.
16 ёшли Фарруҳ Усмонов Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги чавандозлар мактабида уч йилдан буён шуғулланиб келади. У “Кўкбулут” билан иккинчи бор “Ўзбекистон отлари” кўргазмасида иштирок этмоқда.
– “Кўкбулут” аййни пайтда 8 ёшда. У билан бирга анча ютуқларга эришганмиз. 2024 йилда “Жемчужина Узбекистан” медали учун ўтказилган мусобақада учинчи ўринни олдик. Узоқ масофага пойгада биринчи ўринни эгалладик. Конкур бўйича ҳам республика мусобақаларида фаол қатнашиб келяпмиз. Бу йил ҳам фахрли ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз, – дейди Фарруҳ.
Ёш чавандоз асосан конкур йўналишида шуғулланади. Унинг айтишича, мусобақаларда унинг ёшидаги чавандозлар учун 1 метр 30 сантиметргача бўлган тўсиқлар қўйилади.
Фарруҳнинг яна тўртта оти бор. Уларнинг ҳар бири билан турли мусобақаларда иштирок этган. Демак, майдондаги бугунги чиқиш унинг учун шунчаки бир томоша эмас. Бу йиллар давомида шаклланаётган маҳоратини яна бир бор синовдан ўтказиш имконияти.
Кўргазма давом этар экан, майдондаги муҳит янада жонланади. Миллий гвардия, Маданият вазирлиги ва бошқа идоралар ҳамкорлигида тайёрланган концерт дастурида куй-қўшиқлар янграйди. Миллий либосдаги санъаткорлар чиқиши отлар паради ва чавандозлар намойиши билан уйғунлашиб кетади.
Тадбирга ташриф буюрганлар учун махсус ташкил этилган бурчакларда миллий ҳунармандчилик буюмлари, лапарлар ва тарихий экспонатлар ҳам намойиш этилмоқда.
Шу тариқа, Қорабайир отчилик мажмуасида отлар намойишидан кўра кенгроқ маънога эга манзара намоён бўлди. Бу ерда миллий отчилик, чавандозлик маҳорати, халқ санъати ва замонавий спорт бир майдонда уйғунлашди.
“Ўзбекистон отлари” кўргазмаси эса ана шу жиҳатлари билан нафақат юртимиздаги отчилик мактабининг салоҳиятини намоён этди, балки хорижлик меҳмонларга ҳам халқимизнинг қадимий ва бой отчилик маданиятини яқиндан ҳис этиш имконини берди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари