Қашқадарёда ғўза дефолиацияси ишлари бошланди
Қишлоқ хўжалигида ҳар бир мавсумнинг якуний натижаси етиштирилган ҳосилни ўз вақтида, сифатини сақлаган ҳолда ва кам нобудгарчилик билан йиғиб-териб олишдан белгиланади. Айниқса, пахтачиликда ғўзанинг пишиб етилиши билан бир қаторда терим жараёнини қисқа муддатларда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Қашқадарё вилоятида 2026 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди. Айни пайтда вилоятда 129,3 минг гектар майдонда парваришланаётган ғўзада дефолиация ва десикация тадбирлари белгиланган агротехник талаблар асосида ташкил этилмоқда.
Вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ғўза дефолиацияси тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, жараённи назорат қилиш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган.
Ғўзанинг тўлақонли пишиб етилишини тезлаштириш, кўсакларнинг очилишини бир маромда таъминлаш ва ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олиш мақсадида дефолиация ва десикация ишлари уч босқичда амалга оширилмоқда.
Бунинг учун вилоят бўйича 144 та механизациялашган отряд ташкил қилиниб, уларга 162 нафар ҳудуд раҳбари, 98 нафар туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимлари инспектори, 503 та пуркагич ҳамда 159 та сув ташиш сиғими бириктирилган. Шунингдек, жараёнга 16 та дрон ҳам жалб этилди.

Мутахассислар томонидан ғўза майдонларининг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда кунлик ишлов бериш графиклари ишлаб чиқилиб, тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Ҳозирга қадар вилоятдаги 129,3 минг гектар ғўза майдонида ҳосилнинг пишиб етилишини тезлаштирувчи “Этефон” таркибли препаратлар билан биринчи босқич ишлови ўтказилди. Айни кунларда эса иккинчи босқичда Тидиазурон+диурон дефолиантлари билан 93,7 минг гектарда, учинчи босқичда Дикват+ион магний хлорат препаратлари билан 2,5 минг гектарда дефолиация ва десикация ишлари олиб борилмоқда.
– Дефолиациянинг асосий афзаллиги шундаки, у ғўза баргларининг меъёрда тўкилишини таъминлаб, кўсакларнинг очилиши ва ҳосилнинг пишиб етилиш жараёнини жадаллаштиради, – дейди вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси масъул ходими Сардор Абдусаломов. – Бу эса пахтани қисқа муддатларда, кам нобудгарчилик билан йиғиб-териб олиш учун қулай шароит яратади. Шунингдек, дефолиация сифатли ўтказилганда терим жараёни енгиллашиб, пахта толасининг ифлосланиши камаяди ва механизациядан самарали фойдаланиш имконияти ошади. Бироқ бунда препаратларни белгиланган меъёрда қўллаш, ишлов бериш муддатини тўғри белгилаш ва об-ҳаво шароитини инобатга олиш жуда муҳим.
Дарҳақиқат, дефолиацияда сифат асосий мезон ҳисобланади. Препаратларнинг белгиланган меъёрдан ортиқ ёки кам қўлланилиши кутилган самарани бермаслиги мумкин. Шунингдек, пуркагичларнинг техник ҳолати, ишловнинг бир текис амалга оширилиши ҳам муҳим омиллардан.
Қолаверса, ҳаво ҳарорати, шамол, намлик ва ёғингарчилик каби омиллар дефолиация самарадорлигига бевосита таъсир қилади. Шу боис ҳар бир майдонда ишлов бериш муддатини белгилашда ғўзанинг ривожланиш ҳолати, кўсакларнинг очилиш даражаси, нав хусусиятлари ва об-ҳаво шароити ҳисобга олинмоқда.
Пахтачиликда якуний натижа нафақат қанча ҳосил етиштирилгани, балки унинг сифати ва қанчалик кам нобудгарчилик билан йиғиб олингани билан ҳам баҳоланади.
Шу нуқтаи назардан, вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ғўза дефолиацияси тадбирларини белгиланган муддатларда, сифатли ва агротехник талаблар асосида ўтказиш, мавсум якунида етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда йиғиб-териб олишга зарур шароит яратиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири