Тошкентда “CAITME 2026” 17-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси очилди
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари - CAITME 2026” 17-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Шу муносабат билан ташкил этилган кўргазманинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан мутасаддилар “CAITME 2026” нафақат тўқимачилик саноати учун замонавий технология ва ускуналар намойиш этиладиган майдон, балки хорижий инвесторлар, ишлаб чиқарувчилар ва маҳаллий корхоналар ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қиладиган муҳим халқаро бизнес платформа эканини таъкидлади.
Айтиш керакки, йиллар давомида “CAITME” нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ ҳудудида тўқимачилик машинасозлиги ва замонавий технологиялар намойиш этиладиган нуфузли профессионал майдонга айланди. Бугунги кунда у Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатидаги халқаро нуфузини намоён этувчи миллий брендлардан бири сифатида шаклланган.
Бу гал 18 мамлакатдан 262 та компания иштирок этаётган мазкур кўргазманинг аҳамияти, аввало, унинг реал ишлаб чиқариш эҳтиёжларига яқинлигида намоён бўлмоқда. Корхоналар бу ерда янги ускуналар билан танишиш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, маҳсулот сифатини ошириш ҳамда илғор технология етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг сўзларига кўра, бугунги шароитда тўқимачилик корхоналари учун технология танлови оддий модернизация масаласидан кўра кенгроқ маъно касб этмоқда.
– “CAITME” бугун оддий кўргазма эмас. У ишлаб чиқарувчи, технология етказиб берувчи ва харидорни бир жойда учраштириб, соҳа келажагини муҳокама қилиш имконини берадиган профессионал бизнес майдондир. Айниқса, жаҳон тўқимачилик саноати автоматлаштириш, рақамлаштириш, ресурс тежамкорлиги ва барқарор ишлаб чиқариш каби янги талабларга мослашаётган бугунги шароитда “CAITME”нинг аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Жаҳон тўқимачилик саноати ҳозир мураккаб трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда. Ташқи бозорларда рақобатнинг кучайиши, таъминот занжирларининг ўзгариши, транспорт-логистика харажатларининг қайта шаклланиши ҳамда халқаро харидорларнинг маҳсулот ишлаб чиқаришда шаффофлик ва экологик барқарорликка қўяётган талаблари корхоналардан янги ёндашувларни талаб қиляпти.
Бундай шароитда автоматлаштириш асосий трендлардан бирига айланмоқда. Замонавий технологиялар ишчи кучи етишмаслиги муаммосини қисқартириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, инсон омили таъсирини камайтириш ва маҳсулот сифатининг барқарорлигини таъминлаш имконини беради, – деди Н. Ҳасанова.
“CAITME 2026”да хорижий иштирокчиларнинг улуши 83 фоизни ташкил этмоқда. Хитой, Туркия, Германия, Италия ва Ҳиндистон иштирокчилар сони бўйича етакчи бешликдан жой олган. Хусусан, Швейцариянинг “Rieter” компанияси йигирув фабрикаларини автоматлаштириш бўйича ечимларини, Германиянинг “TEXPA GmbH” компанияси эса уй тўқимачилиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун автоматик ва ярим автоматик линияларни намойиш этмоқда.
Кўргазмада технологияларнинг кўп функциялилиги ҳам яққол намоён бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Ricoma Asia” компанияси кашта тикишдан ташқари мунчоқ, марварид ва кристаллар билан ишлаш имкониятига эга ускуналарни тақдим этмоқда. Махсус мосламалар ёрдамида ўзбек миллий каштачилигига хос “попоп кашта” усулидаги безакларни ҳам яратиш мумкин.
[gallery-31314]
– Бугун корхоналар учун энг муҳим масала шунчаки янги ускуна сотиб олиш эмас, балки ишлаб чиқаришнинг бутун занжирини самарали ташкил этишдир. Автоматлаштириш, энергия тежамкорлиги, рақамли бошқарув, қайта ишлаш ва маҳсулот сифатини ошириш бир-бири билан узвий боғлиқ. “CAITME” ана шу жараёнларни бир майдонда кўриш, замонавий ечимлар билан танишиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш учун зарур ҳамкорларни топиш имконини беради.
Ўзбекистон тўқимачилик саноати учун бу жараён алоҳида аҳамиятга эга. 2025 йилда соҳага жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 2,1 миллиард долларни ташкил этгани ҳам тармоқнинг инвестициявий салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова.
“Global Exim” компанияси савдо менежери Давлат Шариповнинг таъкидлашича, мазкур ташкилот замонавий тўқув ускуналарини Ўзбекистон ва Осиё бозорига олиб кириш орқали соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.
– Тўқув саноатини ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшиш учун Европада ишлаб чиқариладиган дастгоҳларни Осиё бозорига олиб киряпмиз. Уларни Европа стандартлари асосида маҳаллий бозорга таклиф қиляпмиз. Ўзим ҳам институтда тўқув соҳасини тамомлаганман. Шунинг учун айнан шу йўналишда ишлаб, соҳанинг ривожига ўз ҳиссамни қўшишни истайман.
Кўргазмада “Wellknit” компаниясининг айлана тўқув дастгоҳи намойиш этилмоқда. У 1987 йилда Тайванда ташкил этилган тўқимачилик машинасозлиги корхонаси бўлиб, ишлаб чиқариш базаси Хитойда жойлашган. “Global Exim” жорий йил май ойида компания билан ҳамкорлик шартномасини имзолаган. “CAITME 2026” эса уларнинг мазкур бренд билан Ўзбекистондаги илк иштироки ҳисобланади.
Биринчи кунданоқ қизиқувчилар кўп бўлди. Кўплаб мутахассислар дастгоҳни кўриб, унинг имкониятлари билан қизиқишди. Мижозларнинг талабларини инобатга олган ҳолда ускуналарнинг айрим хусусиятларига ўзгартиришлар киритиб келдик. Шу жиҳатдан ижобий фикрлар олдик.
Намойиш этилаётган айлана игнали трикотаж тўқув дастгоҳи тайёр кийим эмас, балки кейинги технологик жараёнларда фойдаланиладиган трикотаж мато ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Бу халқали тўқув дастгоҳи бўлиб, хом трикотаж маҳсулотини тўқийди. Кейин мато бўёқхонада бўялиб, кейинги босқичда тикув жараёнига йўналтирилади, – деди Давлат Шарипов.
Таъкидлаш жоизки, бундай замонавий ускуналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, маҳсулот сифатини ошириш ва илғор технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари - CAITME 2026” 17-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси ўз ишини 10 сентябрь куни якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА