Қарийб 6 тонна прекурсор модданинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди
Божхона қўмитаси томонидан гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқаришда қўлланилиши мумкин бўлган қарийб 6 тонна прекурсор модданинг ноқонуний савдосига барҳам берилди.
Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 3 нафар фуқаро ўзаро тил бириктирган ҳолда 1 тонна хлорид кислотасини 14,5 миллион сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тезкор тадбир изчил давом эттирилиб, ушбу шахслардан бирининг Тошкент туманида ижарага олган омборхонаси кўздан кечирилди. Текширувлар давомида омборда яна 4,9 тонна хлорид кислотаси сақланаётгани аниқланди.
Суриштирувлар жараёнида мазкур шахсларда прекурсор моддаларни сақлаш, ташиш ва реализация қилиш ҳуқуқини берувчи қонунчиликда белгиланган ҳеч қандай рухсатнома ёки тегишли ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Маълумот ўрнида, хлорид кислотаси халқаро ва миллий қонунчиликка мувофиқ муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатига киритилган. Чунки ушбу кимёвий моддадан героин, кокаин каби анъанавий, шунингдек, турли синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш жараёнида фойдаланилиши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ташқи кўринишидан оддий кимёвий суюқлик бўлиб кўринган бу модда жиноий мақсадларда ишлатилган тақдирда, юзлаб ёшларнинг ҳаёти ва тақдирига салбий таъсир кўрсатиши, оилалар парокандалигига сабаб бўлиши ҳамда жамият хавфсизлиги учун жиддий таҳдид туғдириши мумкин эди.
Ҳозирда умумий оғирлиги 5 900 килограмм бўлган кимёвий моддаларнинг келиб чиқиш манбасини аниқлаш ҳамда ушбу жиноий фаолиятга алоқадор бошқа шахсларни фош этишга қаратилган суриштирув ва тезкор-тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА