Пекинда “Ўзбекистоннинг мангу гўзаллиги” китоби тақдимоти ўтказилди
Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида “Ўзбекистоннинг мангу гўзаллиги” номли халқаро антологиянинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб ХХР Халқаро санъат таълими ва маданий академик ассоциацияси раҳбари Ананда Жао ҳамда Ўзбекистондаги “Shine” қизлар академияси раҳбари, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Шоҳида Юсупова муҳаррирлигида тайёрланган. Унда юртимизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган иқтидорли хотин-қизлар қаламига мансуб ҳикоялар, шеърлар, мақолалар ва эсселар жамланган.

Тақдимот маросимида мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси вакиллари, ёзувчилар, профессорлар ва халқаро ёшлар етакчилари иштирок этди.
Таъкидланишича, лойиҳанинг асосий мақсади – Янги Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва ижодий салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг интеллектуал имкониятларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлатлар ўртасидаги маданий алоқалар ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашдан иборат.

– Асосий мақсадим – диёримизни ва унинг билимли, иқтидорли хотин-қизларини халқаро миқёсда муносиб тарзда танитиш, -деди лойиҳа раҳбари Ш.Юсупова. – Бугунги кунда АҚШ, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Миср, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларининг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда маданий алмашинув лойиҳаларини амалга ошириб келяпмиз. Истеъдодли хотин-қизларимизнинг ижодий ишлари жамланган халқаро антологияларни нашр этиш орқали ўлкамиз ва ўзбек аёлларининг ижобий имижини шакллантириш йўлида муҳим натижаларга эришяпмиз.
Тадбир қатнашчилари ҳам китоб ва лойиҳа ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, Хитой Маданий туризм инновациялари қўмитаси раиси Денг Зонгдэ шундай деди:
– Бу китоб оддий ҳикоялар тўплами эмас, балки маданиятлар ўртасидаги мустаҳкам кўприкдир. Унинг саҳифалари орқали биз ўзбек хотин-қизларининг билим-заковати, куч-қудрати ва нафосатини янада яқиндан кашф этдик. Китоб Ўзбекистон ва ўзбек қизлари ҳақида жуда илиқ ва ёрқин тасаввур уйғотади.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда “Shine” қизлар академияси хотин-қизларнинг шахсий ва касбий ривожланишига қаратилган қатор ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Академияда шу кунга қадар 70 мингдан ортиқ хотин-қизларимиз шахсий ривожланиш, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда халқаро майдонга чиқиш йўналишларида таълим олишган.
Пекинда ўтказилган мазкур тақдимот республикамизнинг билимли ва иқтидорли хотин-қизлари овози халқаро миқёсда тобора кенгроқ янграётгани, миллий маданиятимиз ва маънавий меросимиз эса дунё ҳамжамиятида муносиб эътироф этилаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Ў.Алимов, ЎзА