Қардошлик ва инсоний бирдамликнинг амалий ифодаси (+видео)
Ўзбекистон маҳалласи. Бу юртимизда эмас, балки Туркия Республикаси Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида янгидан барпо қилинган маскан...
Маълумки, 2023 йил февраль ойида Туркияда юз берган, мамлакат тарихидаги энг оғир табиий офатлардан бири сифатида қайд этилган вайронкор зилзила Туркиянинг бир қатор ҳудудларида катта талафотларни юзага келтирди, минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди. Юз минглаб оилалар уй-жойидан, яқинларидан айрилди. Қайноқ ҳаёт, гўзал турмуш давом этаётган ҳудудлар вайроналар остида қолди. Жумладан, Ҳатай вилояти энг кўп талафот кўрган ҳудудлардан бири бўлди.

Дўстлар бошга кулфат тушганда, оғир кунларда билинади. Ана шундай синовли, мушкул дамларда Ўзбекистон қардош турк халқига биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзди. Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудларга етиб борди. Қутқарувчиларимиз томонидан қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.
Бу ёрдам вақтинчалик эмас, балки кенг кўламда давом этди. Ўзбекистон томонидан қисқа муддатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида, Ўрта ер денгизи соҳилида барча инфратузилмага эга бўлган замонавий турар жой мажмуаси барпо этилди. Ушбу масканга Ўзбекистон маҳалласи номи берилди. 111,5 гектар майдонни ўз ичига олган Ўзбекистон маҳалласида жами 3000 га яқин хонадондан иборат уй-жойлар қурилган бўлиб, шундан 300 дан зиёд хонадонли 24 та кўп қаватли уй айнан Ўзбекистон томонидан барпо қилинган.

Шунингдек, ҳудудда 2 минг 212 метрли Шавкат Мирзиёев бульвари, Тошкент кўчаси, Самарқанд кўчаси, 500 ўринли Бухоро жоме масжиди, Ўзбекистон Республикаси дўстлик боғи, маҳалла ошхонаси, болалар учун ўйингоҳ ва майдончалар ўрин олган. Маҳалла кўчалари ва масжидга тарихий шаҳарларимизнинг номи берилгани икки халқнинг тарихий илдизлари бирлиги, муштарак қадриятлари ва маданияти, қардош ва ҳамжиҳатлиги, бирдамлигининг ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил январь ойида Анқара шаҳрига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ушбу “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг рамзий очилиш маросимида иштирок этган эди.

Жорий йил 13 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ҳатай вилоятига ташриф буюриб, Ўзбекистон маҳалласининг тантанали очилишида иштирок этди.
Байрамона тадбирда Қонунчилик палатаси Спикери ҳамда Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш, Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчиси Илҳом Ҳайдаров, Хоразм ва Ҳатай вилояти ҳокимлари ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг сиёсий иродаси билан икки томонлама муносабатлар янада кенгайиб, фаоллашиб бораётганини алоҳида қайд этди. Қардош вакилларимиз Янги Ўзбекистон ислоҳотларини, юртимизнинг ислом маданияти ва ривожидаги ўрнини, буюк аждодларимизнинг улкан меросини алоҳида эътироф этиб, бугун Учинчи Ренессанс сари ташланган қадамларимизга муваффақият тилади.

Ҳатайда қад ростлаган Ўзбекистон маҳалласи ва Шавкат Мирзиёев бульвари икки халқнинг ўзаро ишончи, ҳамжиҳатлиги ва дўсту биродарлигининг рамзи. Бугун бу ҳудудда янги ҳаёт, янги орзу-умидлар, янгича интилишлар ва янги авлод бўй кўрсатмоқда. Болаларнинг шўх-шодон кулгиси, инсонларнинг қувончи, ибодатга чорлаётган масжид ҳаётга қайтган маконнинг гўзал манзарасидир.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари маҳалла ҳудудидаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.

Шу йил Наврўз байрамида бир гуруҳ хатайликлар Президентимизнинг таклифи ва ташаббусига биноан Ўзбекистонга ташриф буюришган эди. Меҳмонлар Самарқанд, Бухоро, Андижон каби шаҳарларимизда бўлиб, байрам тантаналарида иштирок этишган. Улар орасида Жамила Улус хоним ҳам бор эди.
Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилаётган Жамила хоним ўзбек халқининг меҳмондўстлигини эътироф этар экан, бизни ҳам янги хонадонига, бир финжон турк қаҳвасига таклиф қилди. Опа билан суҳбатлашар эканмиз, Ўзбекистон раҳбариятидан, қардош ўзбек халқидан миннатдорлигини қайта-қайта мамнуният билан эътироф этди.

Дарҳақиқат, Ҳатайда барпо этилган Ўзбекистон маҳалласи икки халқнинг оғир кунлардаги ўзаро меҳр-оқибати, қардошлиги, дўстлиги, сиёсий ишончи ва чуқур стратегик яқинлигининг рамзига айланди. Ўзбекистон билан боғлиқ номлар муҳрланган ушбу географик манзил келгуси авлодлар қалбида ҳам ўзаро бирдамликни қарор топтиришга замин бўлади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vmx4w5Ol_E0" title="Qardoshlik va insoniy birdamlikning amaliy ifodasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Шавкат Тоҳиров (сурат ва видео), ЎзА мухбирлари